Коронавирусдан тузалган бемор: “Уй, машина – ҳеч нарса кўзингизга кўринмай қоларкан”

Интервью

image

Бугун, 1 апрель куни коронавирус инфекциясини юқтириб олган, Вирусология илмий текшириш институтида даволаниб, оиласи бағрига қайтган 4 нафар фуқаро ҳақида хабар бергандик. Соғайган фуқаролардан бир нафари БААнинг Дубай шаҳридан, яна бир нафари Туркиядан келган, қолган икки нафари эса коронавирус инфекцияси аниқланган бемор билан яқин мулоқотда бўлган фуқаролардан экани маълум қилинганди. QALAMPIR.UZ соғайганлардан бири Бахтиёр Аҳмаджонов билан суҳбат уюштиришга муваффақ бўлди.

Асли Тошкент шаҳридан бўлган 29 ёшли Бахтиёр Аҳмаджонов тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келган. Туркияда хизмат сафарида бўлиб қайтган акаси орқали ушбу касалликни юқтириб олган. У киши бўлиб ўтган воқеалар ҳақида батафсил сўзлаб беришга ҳаракат қилди.

— Касаллик белгилари бошланган вақтни эслайсизми? Ўша куни қандай воқеалар юз берганди?

— Ўша кунлари бирдан ҳароратим кўтарилиб, иситма чиқа бошлади. Кейин шамоллашга қарши ва иситмани тушириш учун дорилар қабул қилдим. Бир кун яхши бўлиб қолдим. Эртасига яна шу ҳол такрорланди. Кейин уйда қимирламай ётдим. 

Акам бу воқеалар юз беришидан сал аввал Туркиядан қайтганди. Худди шу воқеалар отам, онам, акаларим билан ҳам содир бўлди. Кейин оилавий уйимиз яқинида жойлашган юқумли касалликлар шифохонасига бордик. Бизни текширишди. Текширувлардан сўнг, Вирусология илмий текшириш институтига олиб кетишди. Шу билан даволанишни бошладик.

— Шифохонадаги шароитлар қандай эди? Шифокорлар сизга қандай муносабатда бўлишди?

— Шифохонада оиламизга катта хона ажратишди. Ҳаммамиз биргаликда муолажалар олишни бошладик. Қўл телефонимизга тегишмади. Яқинлар билан қўнғироқлашиб турдик. Шароитлар яхши бўлди. Шифокорлар барака топсин, дориларимизни ўз вақтида бериб турди. Бир оғиз нотўғри муомала кўрмадик. Ўзлари чарчашса ҳам бизга чарчаганларини билдиришмади. Бирорта камчилик сезмадик

Битта иммунитетни оширадиган доридан ташқари, бирорта дорига ёнимиздан маблағ сарфламадик. Ҳаммасини бепул қилишди. Бир қанча дорилар қабул қилдим. Икки кун жонлантириш бўлимида ётганимда ҳам жуда яхши қарашди. Улардан Аллоҳ рози бўлсин.

— Коронавирус касаллигидан ўзингизга қандай хулосалар олдингиз? Энди қандай яшамоқчисиз?

— Очиғини айтсам, ичимдаги гапларни кўп ҳам ошкор қила олмайман. Лекин тушунтиришга ҳаракат қиламан. Бу вабога ўхшаш касаллик экан. Қутулганимга хурсандман. Бунда ўз ҳиссасини қўшган барчадан миннатдорман. Энг муҳими яшаётган ҳар бир куним, соатимга шукр қилишни ўрганяпман.

Бу шундай дард эканки, фақат ўзингиз билан банд бўлиб қолар экансиз, худди охиратдагидек. Кўз олдимда фақат оилам, яқинларим турарди. Аллоҳдан яқинларим ва ўзимга дуо қилиб, тинмай шифо сўрадим. Менга бирор кор-ҳол бўлса, жажжигина қизалоғим, аёлимга ким қарайди деб ўйлардим. Дунёдаги ўткинчи нарсалар – уй, машина ва бошқалар, ҳеч нарса кўринмай қоларкан. Касалликнинг олдида булар бир тийин бўлиб қолар экан.

Мен ўз олдимга анча эзгу мақсадлар қўйдим. Булар сир. Лекин буларни, албатта, амалга ошираман. Айрим инсонларни биламан. Касал вақти тузалсам, у қиламан, бу қиламан деб мақсадлар қўяди. Бироқ вақт ўтиб, тузалганидан сўнг, ҳаммасини унутади ва олдингидек яшашни давом эттиради. Мен бундай қилмоқчи эмасман. Мен бутунлай ўзгараман ва мақсадларимни амалга ошираман.

— Катта дарддан қутулдингиз. Одамларга айтадиган гапларингиз бордир?

— Аввало Аллоҳга ҳамд айтаман. Мени бу ҳаётга қайтарди. Кейин сабабчи бўлган барча шифокорларга, раҳбарларга, бизни дуо қилган яқинларимизга ва Президентимизга алоҳида ташаккуримни айтаман. Бу ҳолат ҳеч кимнинг бошига тушмасин. Ҳаммани Аллоҳ ўз паноҳида сақласин.

Ҳозирда коронавирусдан тузалиб чиққан фуқаролар Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказида вақтинчалик тиббий назоратда сақланмоқда. Уларга QALAMPIR.UZ таҳририяти аъзолари номидан соғлиқ-саломатлик, тезроқ яқинлари даврасига қайтишларини тилаб қоламиз.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирус юқтирганлар сони 181 нафарга етди. Уларнинг 12 нафари касалликдан фориғ бўлди, 2 киши вафот этди.

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor


Мақола муаллифи

Теглар

коронавирус

Баҳолаганлар

345

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг