Коронавирус: Ўзбекистоннинг Хитойга юборган ёрдами нимани англатади? (видео)
Жамият
−
12 Февраль 2020
17148Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Хитой Халқ Республикасига гуманитар ёрдам юбориш тўғрисида”ги фармонни имзолагани, ушбу фармонга асосан, бугун, 12 февраль куни Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортидан гуманитар ёрдам юклари ортилган самолёт йўлга отлангани ҳақида хабар берган эдик.
Расмий Тошкентнинг қайд этишича, Ўзбекистон Хитой Халқ Республикаси ҳукуматининг янги турдаги коронавирус (nCoV-2019)нинг бошқа мамлакатларга тарқалишига қарши кураш бўйича амалий ҳаракатларини юқори баҳолайди. Хитойнинг саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш ва хавфли пандемияни бартараф этишга ёрдам бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва халқи номидан гуманитар ёрдам юборилмоқда.
Гуманитар ёрдамга қуйидаги тиббий воситалар киради:
• бир марталик стерил тиббий резина қўлқоплар;
• ҳимоя қилувчи комбинезонлар;
• юз учун фильтрловчи ниқоблар;
• махсус тиббий формалар;
• тиббий ниқоблар;
• тиббий дока.
Инсонпарварлик юкини кузатиб бориш ва топшириш учун ХХРга соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари бошчилигида Ўзбекистон делегацияси юборилади.
Инсонпарварлик ёрдамининг иккинчи партиясини тайёрлаш мақсадида “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси республика тўқимачилик корхоналарида тиббий ниқоблар ва ҳимоя кийимлари тайёрланишини таъминлайди.
Мазкур гуманитар ёрдамни шакллантириш ва етказиб беришга Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги масъул этиб белгиланди. Парвоз Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги махсус самолётларида амалга оширилмоқда.
Гуманитар ёрдамни йўллаш жараёнига Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахатов, Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь хоним гувоҳлик қилди.
“Бугунги кунда Хитой Халқ Республикаси жуда оғир пневмонияни олиб келувчи вируснинг янги тури – коронавирус (nCoV-2019) билан боғлиқ катта синовдан ўтмоқда. Бутун дунё ҳамжамияти айни вақтда Хитойни қўллаб-қувватлаб, инсонпарварлик ёрдамларини кўрсатмоқда. Улар қаторидан Ўзбекистон ҳам ўрин олади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча Хитой халқига гуманитар ёрдам юборишга оид ҳужжатни имзолади ва бугун ушбу юклар ортилган самолёт Пекинга йўлга чиқяпти.
Шуни таъкидлашни истардимки, Хитой нафақат сиёсий жиҳатдан, балки иқтисодий, маданий ва ижтимоий соҳаларда қалин ҳамкори ҳисобланади”, дейди Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Дилшод Ахатов.
Айни вақтда мамлакатда инсонпарварлик ёрдамининг иккинчи партиясини шакллантириш ишлари бошланган. Шу муносабат билан мамлакатдаги тўқимачилик корхоналари тиббий ниқоблар ва ҳимоя костюмларини ишлаб чиқармоқда. Уларни Хитойга юбориш режалаштирилган.
“Бугунги кунда коронавирус бўйича дунёда мураккаб ҳолат сақланиб келмоқда. Хитой Халқ Республикасига айнан инсонпарварлик юки юборилмоқда. Бу нафақат Хитой билан стратегик ҳамкорлик белгиси, балки дўстлик ришталари намануси. Айнан шундай пайтда дўстлик нима эканини билса бўлади. Шунинг учун ҳам Президентимиз инсонпарварлик юкини юборишга қарор қилдилар”, дейди Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев.
Янги коронавирус
Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.
Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 27 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, Америка Қўшма Штатлар, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал, Испания ва Бельгияда аниқланди.
Вирусдан бугунгача 1115 нафар одам ҳалок бўлди. У билан касалланганлар сони 45 171 нафарга етди. ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти янги коронавирусга расман ном берди ва у COVID-2019 деб аталди.
Янги коронавирусга Novel Coronavirus Pneumonia (NCP) номи берилди. У бугунгача қурбонлар сони бўйича 2002 йилдаги атипик пневмония (SARS) ва 2012 йилдан бери Яқин Шарқ респиратор синдромини (MERS-CoV) ортда қолдирди. SARS`дан 8096 нафар одам касалланган, шулардан 774 нафари (ўлим даражаси 9,6 фоиз) ҳалок бўлган. MERS-CoV вирусидан 2494 нафар одам касалланиб, уларнинг 858 (ўлим даражаси 34,4 фоиз) нафари қурбон бўлган.
LiveБарчаси