Коронавирус хавфи: Жамоат транспортида нақд пулсиз тўлов қилиш тавсия этилди
Жамият
−
19 Март 2020
5903Коронавирус инфекциясининг Ўзбекистонда ҳам қайд этилгани ушбу вируснинг кенг тарқалишига қарши қатъий чоралар кўришни тақазо қилмоқда. Жумладан, карантин вақтида вирус ўчоқлари кенг ёйилиши мумкин бўлган жой ва воситалардан фойдаланиш вақтинча чекланмоқда.
Кузатишлар шундан далолат берадики, аҳоли ўртасида муомала воситасига айланган нақд пуллар турли шароитларда сақланиши ва фойдаланилгани учун ҳам вирусларнинг асосий ташувчиси ҳисобланади.
Шу сабабдан, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ҳам жамоат транспортларида тўловни нақд пулсиз кўринишда тўлашни тавсия қиляпти.
“Ана шу жиҳатларни инобатга олиб, жамоат транспортларидан фойдаланганда тўловни электрон карталар ёки ойлик йўл чипталари орқали амалга оширишингиз ўзингиз ва атрофингиздагиларнинг саломатлиги ва хавфсизлиги учун фойдалидур.
Жорий йилнинг январь ойидан муомалага киритилган автоматлаштирилган тизим ва ягона транспорт карталарининг бир мунча афзалликлари мавжуд.
Бу турдаги карталарни метронинг кассалари ҳамда ойлик йўл чипталари билан савдо қилувчи шоҳобчалардан харид қилишингиз мумкин.
Азиз йўловчи, ушбу янги ва замонавий тўлов тизимидан фойдаланинг. Бу билан айни вазиятда ўз саломатлигинигизни сақлаш билан бирга тизимда инновацион лойиҳаларнинг самарали ва маромда ишлашига ҳисса қўшган бўласиз”, дейилади компания хабарида.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳам айни вазиятда вирус инфекциясининг тарқалмаслиги учун зарурат бўлмаганда нақд пулдан имкон қадар фойдаланмасликка, барча тўловларни электрон карталар орқали амалга оширишга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилди. Айни вақтда ушбу вирус билан оғриган беморлар 18 кишини ташкил қилмоқда. Мамлакатда 6 минг киши карантинга олинган.
Ҳурматли фуқаролар, коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб ваҳима кўтаришга асос йўқ. Вирусни юқтириб олмаслик учун санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинг.
LiveБарчаси