Кореялар ўртасида “яраш оши” қачон пишади?

Таҳлил

image
Телба сиёсатчи тарихи: Саакашвилини Россия жазолаяптими? north_east

Телба сиёсатчи тарихи: Саакашвилини Россия жазолаяптими?

Хитой “қарз қопқони”га кимлар тушган? Ўзбекистон хавф гуруҳига кирадими? north_east

Хитой “қарз қопқони”га кимлар тушган? Ўзбекистон хавф гуруҳига кирадими?

Жорий йилнинг 13 декабрь куни Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин Шимолий ва Жанубий Корея урушни тугатишни келишиб олгани ҳақида хабар берди. Ушбу янгилик жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини тортди. Сабаби ярим асрдан зиёд вақтдан буён давом этаётган урушни ҳақиқатан ҳам якунлашга эришилса, бу ХХI асрдаги энг оламшумул сиёсий янгилик бўлади.

Душманликка барҳам берилиши қанчалик ҳақиқатга яқин? Мун Чжэ Ин сайловолди дастурида икки корейс давлатини яраштириш ҳақида берган ваъдасини бажара оладими? Буни Шимолий Корея нечоғлик хоҳлайди? Қўшни давлатларнинг бу борадаги позицияси қандай? Бугунги мақолада шу саволларга жавоб излаймиз.

Кореялараро уруш тарихи

Бундан 71 йил аввал, 1950 йил 25 июнь куни Корея уруши бошланди. Бу қўшни давлатлар ўртасидаги тўқнашув эмас эди. Корея уруши, аслида, икки корейс лагери (келажагини совет моделида қуришга интилаётган шимол ва АҚШ билан муносабатларга содиқ қолган жануб) ўртасидаги фуқаролар уруши сифатида бошланди. Совуқ уруш даврида у дарҳол кенг кўламли ҳарбий можарога айланди. Унда бевосита ёки билвосита буюк давлатлар – АҚШ ва Буюк Британия жануб томонидан, СССР ва ХХР эса Шимол тарафидан, шунингдек Жанубий Кореяга ёрдам бериш учун халқаро ҳарбий кучлар юборган БМТ иштирок этди.

Уруш уч йил давом этиб, унда тахминан икки миллионга яқин одам қурбон бўлди. 1953 йил 27 июлда Шимолий Корея ва Жанубий Корея ўрнига қатнашган БМТ вакиллари ўртасида сулҳ шартномаси имзоланган бўлса-да, амалда ҳудудда тинчлик ўрнатилмади.

Кореялараро қарама-қаршилик шу кунгача давом этмоқда. Бугунги кунда 38-параллел чизиғининг (АҚШ ва СССР ўртасидаги келишувга биноан, давлатни тенг иккига бўлган ҳудуд) ҳар икки томонида – икки Корея давлати ўртасидаги шартли чегарада истеҳкомлари қурилиб, энг замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан жиҳозланган минглаб қўшинлар бир-бирига қарши қаратилганди.

Агар Сеул Жанубий Кореянинг иқтисодий фаровонлигини Пхеньяннинг эҳтимолий тажовузидан ҳимоя қилиш учун Америка ҳарбийларининг мавжудлигига муҳтож бўлса, Вашингтон учун Корея Республикаси "АҚШ ҳукмронлигини" таъминлашнинг глобал тизимида таркибий қисмлардан бири ҳисобланади. Корея яримороли АҚШнинг Шарқий Осиёдаги муҳим ҳарбий ҳудуди саналади. Бундан ташқари, Қўшма Штатларнинг иттифоқчиси сифатида Жанубий Корея расмий Вашингтоннинг Тинч океанидаги ҳарбий қудратини сезиларли даражада мустаҳкамлайди. АҚШ ҳарбий ёрдами тўғрисида Жанубий Корея Конституциянинг 9-моддасида ҳам белгилаб қўйилган.

КХДРнинг ядро қуролига интилиши

1990-йилларда Корея ярим оролидаги ўзаро муаммоларда яна бир хавф пайдо бўлди. КХДР “Ядро қуролини тарқатмаслик” тўғрисидаги шартномани бузган ҳолда, ядровий ракета дастури ишлаб чиқилишини эълон қилди. Пхеньян Жанубий Корея-БМТ қўшинларига қўмондонлик қилган америкалик генерал Д.Макартурнинг Корея уруши пайтида атом бомбасидан фойдаланиш ҳақидаги чақириқларини эслатди ва Шимолий Кореянинг ўз ядро қуролига эга бўлиши АҚШнинг эҳтимолий зарбасини тўхтатиши мумкинлигини таъкидлади.

Қўшма Штатлар Шимолий Кореянинг ядровий ракета дастурига қарши иқтисодий санкция билан жавоб қайтарди ва бу санкциялар юки йиллар давомида ошириб борилди.

Кореялараро мулоқот

Икки ҳолат Кореялараро мулоқотга ёрдам берди. Бир томондан, узоқ масофага учувчи ядровий ракета қуролини яратган КХДР етакчиси Ким Чен Ин АҚШ томонидан келадиган хавфни бартараф эта олишига ишониб, ядровий ракета пойгасини тўхтатиб, иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга киришди.

Муносабатларнинг илиқлашишига иккинчи сабаб Жанубий Кореянинг хатти-ҳаракатларидир. Ва бу ерда нафақат Корея Республикасининг амалдаги Президенти Мун Чжэ Иннинг сайловлар бошиданоқ Пхеньян билан мулоқотни тиклаш шиорини илгари сургани, балки Дональд Трампнинг 2017 йилда КХДРга нисбатан тажовузкор риторикаси ҳам муҳим роль ўйнади. Бир неча ўн йилликлар ичида биринчи марта дунё АҚШ ташаббуси билан Корея яриморолида янги уруш бошланишининг реал таҳдидига дуч келди. Унда асосий қурбон Шимолий Кореянинг кучли зарбасига дучор бўладиган Жанубий Корея бўлиши муқаррар эди. Шу сабабли, агар Вашингтон учун урушдаги ғалаба Шимолий Корея давлатини ҳозирги кўринишида йўқ қилиш бўлса, Сеул учун ғалабанинг ягона йўли урушнинг олдини олиш бўлиб қолди.

Кореялараро саммитлардан кўп нарса кутилган эди. Аммо умидлар фақат бир нарсада оқланди: яқин келажакда Кореяда ядровий ёки бошқа уруш бўлмайди. Ким Чен Ин ва Мун Чжэ Иннинг Пханмунжом ва Пхеньянда қабул қилган декларацияларида икки Корея давлати ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилди. Бу ниятларни амалга ошириш йўлида кўплаб қийин сиёсий ва ҳуқуқий муаммолар тўсқинлик қилди.

Шу боис 2018 йилда шов-шув билан бошланган корейслараро мулоқот 2019 йил охирига келиб тўхтаб, 2020 йилда эса боши берк кўчага кириб қолди. Жанубий Корея ҳукумати турли жамоат ташкилотларининг Шимолий Корея режимига қарши ҳаракатлар акс этган варақалар тўлдирилган шарларни КХДРга жўнатишига тўсқинлик қилмаганини баҳона қилиб, Пхеньян Сеул билан барча алоқаларни узди.

Гап, фақат Шимолий Кореяга варақалар солинган шарларни юборишда эмасди. Коронавирус пандемиясини енгиб ўтгандан сўнг, иқтисодиёти қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган Пхеньян Ким Чен Ин ва Мун Чжэ Ин саммитларида эришилган келишувга биноан Сеул томонидан корейслараро иқтисодий ҳамкорликни тиклашга қаратилган ҳеч қандай қадамлар йўқлигидан норозилигини билдира бошлади. Келишув асосан Кесон саноат мажмуаси ва Кимгансан туризм зонаси ҳақида эди. КХДР билан чегара яқинида жойлашган Кесон саноат мажмуаси корейслараро энг йирик ва энг муваффақиятли лойиҳа ҳисобланади. Унда 50 мингга яқин шимолий кореялик ишчилар ишлайди Жанубий Кореянинг юздан ортиқ кичик ва ўрта корхоналари мажмуасидир. 2015 йилга келиб, Кесон мажмуаси иши туфайли кореялараро товар айирбошлаш ҳажми 3 миллиард долларга яқинлашди ва бу Жанубий Кореяни КХДРнинг Хитойдан кейин иккинчи муҳим савдо шеригига айлантирди. Кимгансан туристик ҳудуди Жанубий Корея фуқаролари учун 1998 йилдан 2008 йилгача, ўн йил давомида очиқ бўлган. Бу вақт ичида унга деярли 2 миллион жанубий кореялик ташриф буюришга муваффақ бўлди. Бу эса КХДР ҳукуматига қўшимча даромад манбаи эди.

Кореянинг барча қўшнилари давлатларнинг бирлашишини хоҳлайдими?

Сеул бирлашиш мамлакатни узоқ муддатга минтақавий ва глобал миқёсдаги рақобатдан чиқариб юбориб, қимматга тушишидан хавотирда. Пхеньян, ўз навбатида, жанубга таслим бўлиш ниятида эмас. Улар Германия тажрибасини яхши ўргандилар, бу ерда капиталистик Ғарб Социалистик Шарқни ўз таркибига қўшиб, ГДРнинг собиқ фуқароларини “иккинчи даражали одамларга” айлантирди. Шимолий Корея ҳукуматининг янги ёш авлоди Ким Чен Ин ғоялари асосида тарбияланмоқда. Мамлакатда мавжуд иккала синф (ҳарбий элита ва янги бойлар) учун ҳам Шимолий Корея давлатчилигини сақлаб қолиш умумий ҳаётий манфаатга эга. Кореянинг Сеул бошчилигида бирлашиши икки қатлам учун ҳам бирдек хавфлидир, чунки бу ҳолда ҳарбий элита қудратини йўқотади, маҳаллий хусусий тадбиркорлар эса Жанубий Кореянинг Чебол монополиялари томонидан осонгина синдирилади.

Қўшма Штатларга келсак, уларнинг манфаатлари Кореянинг бирлашиши эмас, балки бу ерда кескинлик муҳитини сақлаб қолиш билан мос келади. Чунки можароли ҳудуд Американинг Шимолий-Шарқий Осиёдаги ҳарбий-сиёсий мавжудлигини кучайтиради.

Хитой Корея ярим оролидаги кучлар мувозанатига биринчи навбатда АҚШ билан қарама-қаршилик призмаси сифатида қарайди. Пекин бирлашган Корея хитойпараст бўлишига ишонч ҳосил қилган тақдирдагина давлатларнинг бирлашишини қўллаб-қувватлайди. Бунга ишонч йўқ: Сеул шартлари асосида бирлашган Корея, Хитой учун яхши ҳолатда – АҚШ билан мустаҳкам алоқага эга қудратли мустақил давлатга, ёмони – Вашингтоннинг минтақада ХХРни тўсиб қўядиган форпостига айланади (худди Япония каби).

Японлар учун асосий савол Шимолий Корея ядро қуролини ким олишини эълон қилишида бўлади. Токио Кореянинг бирлашишини фақат ушбу қуроллар йўқ қилиниши ёки олиб ташланиши кафолати билан қўллаб-қувватлайди. Дарҳақиқат, японлар минтақавий ва жаҳон майдонида кучли рақобатчи сифатида бирлашган Кореянинг пайдо бўлишидан қўрқишади (худди 1980 йилларнинг охирларида Англия ва Франция бирлашган Германиянинг шаклланишини кечиктиришга ҳаракат қилгани каби).

Россия КХДРнинг шериги ва ушбу можароли ҳудудни ташкил қилган давлат сифати гавдаланади. Лекин СССР қулашидан кейин русларнинг бу ҳудуддаги мавқеи анча сусайди. Москва Кореяни ягона, мустақил, нейтрал давлат сифатида бирлашишига қарши эмас, аммо мамлакатда АҚШ таъсири кучайишига тоқат қилолмайди.

Трамп ва Пхеньян

Трампнинг 2017 йилда Пхеньянга ҳарбий зарба бериш таҳдиди Ким Чен Инни мулоқотга киришишга мажбур қилди. Бу жараёнда Жанубий Корея Президенти Мун Чжэ Иннинг кореялараро вазиятни юмшатиш масаласидаги талаби ва КХДРга қарши ядро уруши таҳдидига нисбатан умумий халқаро муносабати ҳам муҳим роль ўйнади. Натижада 2018-2019 йилларда учта Кореялараро ва иккита Шимолий Корея-АҚШ саммитлари бўлиб ўтди.
Дональд Трамп КХДРга ташриф буюрган Қўшма Штатларнинг биринчи президенти бўлди. Мулоқот чоғида Ким Чен Ин Корея яриморолини ядросизлантиришнинг асосий шарти Шимол ва АҚШ ўртасидаги янги муносабатлар эканини таъкидлади. Бу муносабатлар ўзаро ишончга асосланган ва ўзаро демонизациядан холи бўлиши керак. Бу Пхеньян учун ҳам, Вашингтон учун ҳам осон иш эмаслиги аниқ. Аммо буни қандай ҳал қилиш ҳақида мисоллар мавжуд. Хитой-Америка ва Вьетнам-Америка муносабатларида ҳам худди шундай муаммо ўз вақтида бартараф этилди.

Муроса учун Пхеньян қитъалараро баллистик ракеталарни ишлаб чиқишни тўхтатиши, ядровий материаллар тайёрлашни музлатиб қўйиши ва ядровий иншоотларини халқаро текширувлар учун очиши керак. Вашингтон эса бунинг эвазига КХДРни расман тан олади, у билан дипломатик алоқалар ўрнатади, элчихоналар очилади, унинг чегаралари яқинида ҳарбий фаолиятни чеклайди, санкцияларни камайтиради ва пировардида олиб ташлайди, шимолга иқтисодий ва энергетик ёрдам кўрсатади.

Бироқ савол шундаки, ҳозирги АҚШ раҳбарияти қанчалик Америка-Шимолий Корея мулоқотини давом эттиришни хоҳлайди? Амалдаги Президент Жо Байден эътиборни Хитой, Шарқий Европа, Россия, Яқин Шарққа қаратган. Ҳозирча Корея яриморолини ўйлашга вақт йўқ.

Кореялараро ярашув учун корейслар ўзлари курашиши керак

Бўлиб ўтган кореялараро саммитларнинг асосий натижаси шундан иборатки, Сеул КХДР мавжудлигини тан олди ва унга нисбатан тинч-тотув яшаш сиёсатини қабул қилган. КХДРнинг суверен давлат сифатидаги мақомини, унинг раҳбариятининг қонунийлиги ва конституциявий эканлигини тан олиш ва икки Корея муносабатларини тенг тамойиллар асосида ўтказиш бугунги кунда шимолликлар учун муҳим аҳамият касб этади.

Бу жараёнда бош ролни БМТ бажариши мумкин. Ташкилот 1945 йил охирида пайдо бўлганидан бери "Корея масаласи" билан шуғулланган. Аммо 1975 йил ноябрь ойида Бош Ассамблеянинг ХХХ сессиясида ушбу масала бўйича иккита резолюция тасдиқланганидан кейин (бири АҚШ ташаббуси билан, иккинчиси СССР томонидан) иккаласи ҳам бажарилмаган. Шундан сўнг, Кореядаги сиёсий ечим муаммоси кун тартибидан олиб ташланган.

БМТ биринчи навбатда КХДР билан ўзаро адоватни тўхтатиши лозим. Корея уруши пайтида Жанубий Кореяга ёрдам кўрсатиш учун БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1950 йил 7 июлдаги 84-резолюциясига мувофиқ, Кореяда ташкилот қўмондонлиги – АҚШ бошчилигидаги 16 давлат қўшинларидан иборат ҳарбий кучлар ташкил этилди. Бу кучлар яриморолдаги урушда БМТ байроғи остида шимолга қарши қатнашгани ва 1953 йил сулҳ тўғрисидаги битимни жанубликлар номидан БМТ имзолагани сабабли, КХДР ташкилот билан расман урушни давом эттирмоқда. Ҳолбуки, Шимолий Корея 1991 йилдан буён БМТ аъзоси ҳисобланади.

Урушни якунлаш учун БМТ Хавфсизлик Кенгаши декларациясини қабул қилиш ва у орқали Корея уруши ўтмиш саҳифаси эканлигини эълон қилиши керак.

Яриморолда тинчлик ўрнатилишига ҳалал берадиган яна бир асосий муаммо 28,5 минг кишилик АҚШ ҳарбий кучлари ҳисобланади. АҚШ ва Жанубий Корея келишувларга кўра, жанубликлар яриморолда тинчлик даврида ҳам ўз қўшинларига, ҳам Америка ҳарбий контингентига қўмондонлик қилади. Бироқ, уруш бошланиши билан қўмондонлик автоматик равишда Қўшма Штатлар қўлига ўтади, яъни Корея Республикаси Президенти мамлакат қуролли кучларининг Олий қўмондони сифатида АҚШ қуролли кучлар генерал-лейтенантига бўйсунади.

Тинчлик шартномаси

Кореялараро саммитларда ечими топиши керак бўлган асосий масала 1953 йилги “Корея сулҳ шартномасини” тинчлик шартномаси билан алмаштириш зарурати ҳисобланади. Бу шартнома икки суверен мустақил давлат – КХДР ва Корея Республикаси ўртасидаги келишув бўлиши керак. 

1953 йилги сулҳ битими давлатлараро ҳужжат эмас эди. Бу урушаётган кучларнинг бош қўмондонлари ўртасида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, қўшинларни тарқатиш ва улар ўртасида қуролсизлантирилган чизиқни белгилаш тўғрисидаги келишув эди. Корея Республикаси, АҚШ, Хитой давлат мақомида ўт очишни тўхтатиш келишувида иштирок этмаган (сулҳ Шимолий Корея ва БМТ ўртасида имзоланган).

Шимол ва Жанубнинг 1972 йил 4 июлдаги биринчи қўшма баёнотида ҳам Кореянинг бирлашишига мустақил равишда, ташқи аралашувсиз ва “миллий консолидация” асосида тинч йўл билан эришиш кераклиги айтилган эди. 1991 йил декабрь ойида икки ҳукумат раҳбарлари ярашиш, ҳужум қилмаслик, ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаш орқали икки Корея давлатининг тенг ҳуқуқли халқаро субъект эканлигини расман биринчи марта тан олдилар. 2000-2018 йилларда бешта кореялараро саммитлар бўлиб ўтди. Уларнинг ҳар бирида қўшма декларациялар қабул қилиниб, унда давлатлар босқичма-босқич ўзаро қарама-қаршиликдан яқинлашиш сиёсатига ўтиши белгилаб қўйилди. Ушбу ҳужжатларнинг ҳеч бири кореялараро алоқада учинчи давлатларнинг иштирокини назарда тутмаган. Бу икки Кореянинг фақат икки томонлама форматдаги ўзаро ҳамкорлиги ҳақида эди.

2018 йилги Пхеньян саммити доирасида Пханмунжом декларациясини ҳарбий соҳада амалга ошириш бўйича келишув КХДР ва Корея Республикаси Мудофаа вазирлари томонидан имзоланган. Бу принципиал жиҳатдан ҳарбий кескинликни пасайтириш йўлидаги жиддий қадам бўлди. Декларацияга мувофиқ ҳарбийлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда, икки томонлама алоқа каналлари очилмоқда ва ҳар қандай ҳолатда тўқнашув ва можароларга йўл қўймаслик учун механизм ишлаб чиқмоқда. Бу жуда муҳим, чунки Корея Республикаси 1953 йилдаги сулҳ битимини имзоламаган. Саммит доирасида икки давлат раҳбарларининг 2032 йилги ёзги Олимпия ўйинларини биргаликда ўтказиш учун ариза бериш ниятида экани эълон қилинган эди. 

Хулоса қиладиган бўлсак, 71 йил аввал бошланган Корея уруши ҳали тугамаган. Корея инқирози бугунги кунда халқаро хавфсизликка асосий таҳдидлардан бири ҳисобланади. Ушбу инқироз икки компонентдан иборат: Корея халқининг ўнлаб йиллар давомида иккита алоҳида давлатга бўлиниши ва КХДРнинг ядровий ракета дастурини амалга ошириши.

Корея инқирозининг икки компоненти бир-бирига боғланган, аммо уларнинг бир-бирига таъсири тенг эмас. Пхеньяннинг ядровий ривожланишдан воз кечишининг ўзи шимол ва жануб ўртасидаги қарама-қаршиликка барҳам бермайди. Шу билан бирга, кореялараро иқтисодий ва сиёсий тафовут Корея урушини тугатиш ва Корея ярим оролининг ядровий муаммосини ҳал қилишга тўсиқ бўлади.

Бундан ташқари, давлатлар тинчликка эришиш учун ташқи кучларга қарши бирлашиб ҳаракат қилиши лозим. Шимолий Корея томони ҳам шу фикрни илгари сурмоқда. Жорий йил сентябрь ойида Ким Чин Иннинг “қудратли” синглиси Ким Ё Чжон баёнотида Пхеньян Сеул билан Корея уруши бўйича келишувнинг расман якунлаш декларацияси бўйича конструктив мулоқотга тайёрлигини маълум қилганди. Бунинг учун жанубликлар ҳудудда АҚШ манфаатлари учун хизмат қилишдан воз кечиши кераклиги таъкидлаган. Лекин Жанубий Корея урушни тўхтатиш учун океанорти оғасининг қўллаб-қувватлашидан воз кеча оладими?

Достон Искандаров


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

БМТ СССР КХДР

Баҳолаганлар

116

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг