КХДР ўзининг илк атом сувости кемасини намойиш қилди
Олам
−
14:40 2005 2 дақиқа
Бугун, 25 декабрь куни КХДР етакчиси Ким Чен Ин атом энергетик қурилмасига эга бўлган илк сувости кемасини шахсан кўздан кечирди. Бу ҳақда Корея марказий телеграф агентлиги хабар берди.
Маълумотларга кўра, бу кема ўлчам жиҳатидан АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг айрим зарба берувчи сувости кемаларига тенг келади. Давлат ОАВлари тарқатган суратларда Ким Чен Ин ёпиқ қурилиш объектида бошқариладиган ракеталар билан жиҳозланган сувости кемасини кўздан кечираётгани акс этган. Бу ҳолат кема ҳали сувга туширилмаганини кўрсатади.

Қайд этиш жоиз, атом сувости кемаси қурилиши Ким Чен Иннинг узоқ йиллик мақсади ҳисобланади. У бу масалани илк бор 2021 йилда ҳукмрон партия съездида тилга олган. Шу билан бирга, Жанубий Кореянинг яқинда АҚШ Президенти Доанльд Трамп маъмуриятидан ўз атом сувости кемаларини ишлаб чиқиш учун рухсат олгани Ким Чен Ин режаларига қўшимча туртки берган бўлиши мумкин.
CNN сувости кемасининг афзалликларига тўхталган. Унга кўра, атом двигателига эга сувости кемаси узоқ вақт – агар экипаж учун етарли захира бўлса, деярли йиллар давомида сув остида қолиши мумкин. Анъанавий двигателли сувости кемалар эса дизель двигателларини ишлатиш ва батареяларни зарядлаш учун вақти-вақти билан сув юзасига чиқишга мажбур бўлади.

Бундан ташқари, одатда атом сувости кемалари анъанавий двигателли кемаларга қараганда тезроқ ва кўплаб ҳолатларда шовқинсизроқ бўлади. Ҳозирда бу технологияга фақат АҚШ, Россия, Хитой, Франция, Буюк Британия ва Ҳиндистон эга.
Қайд этилишича, КХДР эълон қилган суратлар март ойида мавжудлиги илк бор маълум қилинган сувости кемаси қурилишида сезиларли ютуқларга эришилганини кўрсатади. Ким Чен Ин Пхеньян мудофаа сиёсатида сувости кемаларининг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, бу сиёсат, унинг сўзларига кўра, “энг кучли ҳужумкор қудратга асосланган”.
“Биз ўта кучли ҳужум салоҳиятини қуролли кучларни ривожлантиришда миллий хавфсизлик учун энг яхши қалқон деб биламиз”, дейди Ким Чен Ин.
Шунингдек, у Жанубий Кореянинг АҚШ кўмагида атом сувости кемаси қуришини Шимолий Корея хавфсизлигига таҳдид деб атаб, бунга қарши туриш зарурлигини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Корея Ракета қурилиши бош бошқармаси катта баландлик ва узоқ масофага мўлжалланган янги зенит ракеталарининг синов учиришини амалга оширгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси