Телба сиёсатчи тарихи: Саакашвилини Россия жазолаяптими?

Таҳлил 10735
image

Европа бўйлаб саккиз йиллик саргардонликдан кейин жорий йилнинг сентябрь ойида ўз ватани Грузияга қайтган мамлакатнинг учинчи Президенти Михаил Саакашвилининг ҳибсга олинишидан сўнг, бутун дунё нигоҳи бор-йўғи уч миллион аҳолиси бўлган ушбу собиқ совет республикасига қаратилди.

2015 йилда бир неча жиноят иши юзасидан Грузия фуқаролигидан маҳрум қилинган Саакашвили жорий йилнинг сентябрь ойи охирида мамлакатга ноқонуний тарзда кириб келди. Расмий маълумотларга кўра, у Грузия чегарасини озиқ-овқат солинган контейнерда кесиб ўтган ва ҳибсга олингунга қадар бир муддат яширин тарзда яшаган.

Саакашвилини кимлар нимада айблаяпти?

Икки ойдан ортиқ вақтдан бери қамоқда сақланаётган Саакашвили иши бўйича ҳозиргача иккита суд мажлиси ўтказилди. Ҳукумат томонидан собиқ Грузия раҳбарига нисбатан тўртта жиноий иш очилган:

•    “Имеди” хусусий телеканали биносига бостириб кириш, телеканал эгаси марҳум тадбиркор Бадри Патаркацишвилининг мулкини ноқонуний мусодара қилиш;   
•    9 миллион Грузия лариси (2,9 миллион доллар атрофида) миқдорида давлат пулларини ўзлаштириш;
•    2007 йилда тинч намойишни куч билан бостириш;
•    Банк ходими Сандро Гиргвиланига уюштирилган суиқасд иши (2018 йилда Грузия суди томонидан Саакашвили айбдор деб топилиб, бу учун сиртдан 3 йил қамоқ жазоси тайинланган вақтда сиёсатчи мамлакатда эмасди.)

Бугунги кунда Грузия Президенти 2007 йилда Саакашвили ҳукуматига қарши номойиш ўтказган Саломе Зурабишвили ҳисобланади. У фаолиятининг асосий қисмини Франция давлат органларида ишлаб ўтказган. Президентлик биринчи куниданоқ у Россия билан ҳар қандай ҳамкорликка қарши экaнлигини билдирган.

Мамлакат Бош вазири эса Ираклий Гарибашвили бўлиб, у 2015 йил Саакашвилига нисбатан айбловлар эълон қилган руспараст собиқ Президент Бидзин Иванишвилининг шогиртидир.

Ҳибсга олинганидан кўп ўтмай, Саакашвили очлик эълон қилди. Шифокорлар ва унинг тарафдорлари сиёсатчининг ҳаёти хавф остида эканлигини ва уни озод қилишни талаб қилаётган бўлса-да, амалдаги ҳукумат бундай айбловлар ҳақиқатга зид эканлигини таъкидламоқда. 50 кунлик очликдан сўнг грузин сиёсатчиси судга боришга қарор қилди.

Тбилиси шаҳар судида жорий йилнинг 29 ноябрь куни Грузиянинг собиқ Президенти Михаил Саакашвили устидан суд жараёни бошланди. 

Сиёсатчи судда ўзига нисбатан қўйилган барча айбларни инкор қилди ва “Мен – Михаил Саакашвили. Грузияда жиноятчи-президент бўлмаган. Буни ҳамма грузинлар билишини хоҳлайман. Ҳозирги Грузия давлати асосчиси жиноятчи бўла олмайди, чунки жиноятчилар давлатга асос солмайди, уни вайрон қилади”, деган собиқ Президент.

Грузиянинг АҚШ, Канада ва Мексикадаги собиқ элчиси Бату Кутелия "Дом" телеканалига берган интервьюсида суд иши ҳақида фикр билдирар экан, шундай фикр билдириб, ушбу жараёнлар тепасида Россия турганини, Бидзин Иванишвили ва ҳозирги Бош вазир “русларнинг одами” эканлигини таъкидлади.

“Путин Саавашвилини Россияга қилган ишлари учун жазолаяпти, чунки Cаакашвили – мустақил Грузия тимсолидир”, дейди собиқ элчи.

Саакашвилининг муниципал сайловлар арафасида қайтиши уни нафақат Грузияда, балки Пётр Порошенко (Украинанинг собиқ Президенти) таклифи билан 2015 йилдан кейин янги сиёсий карьерасини қурган Украинада ҳам шов-шувга сабаб бўлди. Украина Президенти Владимир Зеленский Михаил Саакашвилини қўллаб-қувватлаб чиқди.

Грузия Стратегик ва халқаро тадқиқотлар жамғармасининг катта илмий ходими, Грузиянинг Буюк Британиядаги собиқ элчиси Гиоргий Бадридзе “Euronews” телеканалига берган интервьюсида Саакашвили ҳақида шундай деган:

“Бу сиёсатдаги ҳақиқий йиртқичнинг экстремал қайтишидир. Шахсан мен у билан гаплашганимда, шуни кўрганманки, бу оддий одам эмас. У сиёсатдан нафас олади ва овқатланади”.

Ушбу мақолада жуда қисқа вақт ичида Грузияда демократик ислоҳатлар ўтказган Михаил Саакашвилининг чигал ва ғайриоддий йўли ҳақида ҳикоя қилинади.

Ёш ислоҳотчи

Михаил Саакашвили 1967 йилда Тбилисида зиёлилар оиласида туғилган. Украина ССРда ҳарбий хизматни тугатгандан сўнг, халқаро ҳуқуқ бўйича дастлаб Киевда, сўнгра нуфузли Колумбия университетида таҳсил олган.

Саакашвили сиёсий фаолиятини 1995 йилда Михаил Горбачёвнинг Совет давридаги энг яқин сафдоши бўлган Президент Эдуард Шеварднадзе даврида бошлаган. Ғайратли ёш сиёсатчи тезда мартаба пиллапоясидан кўтарилиб, ислоҳотчи ёрлиғини олади. Бироқ 2001 йилда у Шеварднадзе ҳукуматини коррупцияда айблаб, Адлия вазири лавозимидан кетади.

2003 йилда эса Шеварднадзенинг истеъфога чиқишига сабаб бўлган “Атиргул инқилоби”нинг раҳбарларидан бирига айланади. Бир йилдан сўнг ўтказилган сайловда 97 фоиз овоз билан Грузия Президенти этиб сайланади.  

Бадридзенинг таъкидлашича, Саакашвилига мерос бўлиб қолган мамлакатни ривожланган давлат дейиш қийин эди. Жаҳон банки маълумотларига кўра, Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг, Грузия ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 44 фоизга камайди. Гиперинфляция йилига 9 000 фоизга етганлиги тахмин қилинган.

“Бу мамлакатда солиқ йиғишнинг иложи йўқ эди, ҳукумат хавфсизликни таъминлаш, қонун ва тартибни сақлаш каби асосий функцияларни бажармасди. Бундан ташқари, Грузия амалда уюшган жиноятчилар назорати остида эди. Одамлар ўзларининг келишмовчиликларини ҳал қилиш учун судлар ўрнига “қонундаги ўғрилар” деб номланган жиноий авторитетларга мурожаат қилишарди. Кичик коррупция оддий грузинларнинг кундалик ҳаётида йўл полициясидан тортиб, то юқори элитагача ҳар бир бўғинда учрарди”, дея қўшимча қилди Бадридзе.

АҚШда таълим олган ва бир қанча хорижий тилларни яхши биладиган Саакашвили ўз атрофига ғарбпараст ёш мутахассислар жамоасини тўплаб, ислоҳотларга киришди. Ўзгаришларнинг дастлабки муҳим қисми иқтисодиётни демократлаштириш ва коррупцияга қарши кураш бўлди. 2004 йилда Грузия раҳбари барча йўл полицияси ходимларини ишдан бўшатиб, янги патруль полиция гуруҳини тузди. Ўша пайтдаги ҳукуматнинг кўплаб амалдорлари ва олигархлари порахўрлик билан ҳибсга олинди. Қилинган ислоҳотлар натижасида 2007 йилда Грузия ЯИМнинг ўсиш суръати рекорд даражадаги 12 фоизга етди.

Авторитар демократ

Грузия иқтисодиёти жадал суръатлар билан ўсиб бораётганига қарамай, мамлакатда янги ҳукумат сиёсатидан жабр кўрган олигархия ва мухолифатнинг либерал фикрли қисми томонидан Саакашвилининг ҳаракатларига нисбатан норозилик кучайди.

Мутахассислар ва ҳуқуқ ҳимоячилари таъкидлаган асосий муаммолардан бири суд ҳокимиятининг мустақил эмаслиги бўлиб, бу Грузия қамоқхоналарининг маҳбуслар билан гавжумлашишига замин яратган. 

Саакашвили ҳукумати билан боғлиқ йирик жанжаллардан бири 2006 йилда, банк ходими Сандро Гиргвилиани ресторанда Ички ишлар вазирлигининг юқори мартабали амалдорлари билан жанжаллашиб қолганидан сўнг, ўлик ҳолда топилганида бошланди. Қотилликда айбдор деб топилган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари тез орада амнистия акти билан озод этилади.

2007 йил ноябрь ойида расмийлар Россиянинг Грузия ички ишларига аралашувини баҳона қилиб, минглаб мухолифатчилар намойишини зўравонлик билан тарқатиб юборди, унинг иштирокчилари эса Президентнинг истеъфосини талаб қиладилар. Махсус кучлар мухолифатчи “Имеди” телекомпанияси таҳририятга бостириб кириб, эфирни тўхтатиб қўйишади.

“Адолат туйғуси ва либерал қадриятларга эга одамлар ислоҳотлар зарурлигини тан оларди, лекин улар бу ўзгаришлар қонунга зид равишда амалга оширилаётганини билишарди. Грузия сезиларли даражада яхшиланганига қарамай, сиёсий тизим ҳали ҳам бироз авторитар эди”, дейди Бадридзе.

2008 йилда сайловчиларнинг 53 фоиз овози билан иккинчи муддатини бошлаган Саакашвили ҳукумати яна бир инқирозга дуч келди. Россия билан муносабатлар ёмонлашган бир пайтда, Грузия мухторияти бўлган Жанубий Осетияда қуролли можаро авж олди. Руспараст ва ғарбпараст экспертлар ва сиёсатчилар содир бўлган воқеа тафсилотлари ҳақида ҳозиргача баҳслашишади, аммо уруш Саакашвилининг мамлакатдаги мавқеини янада обрўсизлантирди. Грузиянинг НАТОга аъзолиги тўхтатилди.

Ҳукуматга қарши намойишлар давом этди. 2012 йилда тўққиз йиллик ҳокимиятдан сўнг, Саакашвилининг партияси руспараст бизнесмен Бидзин Иванишвилининг “Грузия орзуси” коалициясига ютқазди. Ўшанда постсовет ҳудудидаги кўплаб кузатувчилар Грузияда ўтказилган сайловларни “демократия намунаси” деб атаган. 

Иванишвили каолицияси биринчи кунданоқ репрессияни бошлади ва дарҳол Саакашвили ва унинг жамоасини таъқиб қилишга ўтди. Таъқиблардан қўрққан Саакашвили Грузияни тарк этди, мамлакатда унга қарши тўртта жиноий иш очилди. 2015 йилда сиёсатчи Грузия фуқаролигидан воз кечганини эълон қилди.

Саакашвили номи грузинлар учун бошқача аҳамият касб этади. 2003 йилда Грузия парчаланиб бораётган давлат эди, 2012 йилга келиб эса у озми-кўп ривожланган давлатга айланди.

Жанжалкаш Саакашвили

2014 йилда сиёсатчи ёшлигини ўтказган Украинада ҳокимият алмашишига олиб келган инқилоб содир бўлди. Руспараст етакчи Виктор Янукович Украинадан қочиб кетди ва Европа Иттифоқи билан интеграцияга эришишга ваъда берган Пётр Порошенко Президент бўлди.

2015 йилда Порошенко Саакашвилини Одесса вилояти губернатори этиб тайинлади ва унга Украина фуқаролигини тақдим этди. Экспертларнинг фикрича, Саакашвилининг ғарбпараст ислоҳотчи сифатидаги обрўси уни Украина сиёсатига жалб қилишнинг асосий омилига айланган. 

“Пётр Порошенко жамоасига қайсидир маънода Саакашвили керак эди”, дейди Украина Сиёсат институти директори Руслан Бортник. 

Икки йил давомида янги ҳукумат самарали ислоҳотларни амалга ошира олмади. Мамлакатдаги вазият жуда ёмон эди: Донбассдаги уруш, Қримнинг қўлдан бой берилиши, ЯИМнинг 25 фоизга пасайиши, даҳшатли инфляция шулар жумласидандир.

Бортникнинг сўзларига кўра, Саакашвили жамоатчиликнинг Украина расмийларига бўлган ишончини қайтариши ва Ғарб ҳамкорлари билан муносабатларни мустаҳкамлаши мумкин эди. Совет Иттифоқидан бўлган, украин тилида равон сўзлашувчи собиқ Грузия Президенти украиналиклар учун бегонадек кўринмасди. 

“Жамият Саакашвилидан Украинада грузин ислоҳотларини амалга оширишини кутган эди. Дастлаб, унга бўлган ишонч 50 фоиз кўрсаткич даражасида эди. Бу ишонч даражаси энг машҳур украиналик сиёсатчиларни қўллаб-қувватлаш билан баробардир", дейди Бортник.

Украинага кўчиб ўтган Саакашвили ўзи билан бирга Грузиядан Ички ишлар вазирлиги ва бошқа кучли тузилмалардаги юқори лавозимларда ишлаган ҳамфикр жамоадошларини олиб келди. Украинада бўлган даврида “Тозалаш ҳаракати” нотижорат ташкилоти, “Янги кучлар ҳаракати” сиёсий партияси ва яна бир қанча сиёсий ташкилотларни тузди. Саакашвили Одесса губернатори сифатида Украина тизимини коррупцияда айблаб, Киев расмийларини танқид қила бошлади ва 2016 йилда Одесса вилояти губернатори лавозимини тарк этди. 

“У жуда шуҳратпараст, шу билан бирга шов-шувли ва самарасиз сиёсатчи бўлиб чиқди. Саакашвили режалаштирилган ислоҳотларни на бутун Украина, на ҳудудий даражада амалга ошира олмади”, дейди Бортник. 

Расмийлар билан зиддият авж олишда давом этди ва 2017 йил июль ойида Порошенко Саакашвилини Украина фуқаролигидан маҳрум қилиб, 2021 йилгача мамлакатга киришини тақиқлади. 

Шундай қилиб, Грузиянинг собиқ Президенти ва Одесса вилояти губернатори Михаил Саакашвили фуқаролиги бўлмаган шахсга айланди. У бир неча бор Украинага қайтишга ҳаракат қилиб кўрди. 2017 йилда тарафдорлари ҳамроҳлигида Польша-Украина чегарасини кесиб ўтаётиб қўлга олинган. Бир йил ўтгач, Киев расмийлари уни Польшага жўнатишди.

“Украинада фақат куч билан ислоҳотларни амалга ошириб бўлмайди. Бундан ташқари, аҳолидан фарқли ўлароқ, элита Саакашвилини бегонадек қабул қилди. Агар жамият Саакашвили бирор нарса қилади, деб умид қилган бўлса, элита унга ишонмади, потенциал таҳдид сифатида қаради ва вазиятга қараб унга қарши бирлашди”, дейди Бортник

Президентлик сайловларида ғалаба қозонгач, Владимир Зеленский Саакашвилига Украина фуқаролигини қайтариб берди, бироқ у собиқ сургун оқибатида сиёсий таъсирининг катта қисмини йўқотган эди.

Жорий йилнинг 2 декабрь куни Саакашвили жиноят иши бўйича иккинчи суди бўлиб ўтди. Судда унга нисбатан давлат мулкини ўзлаштириш юзасида “куракда турмас” айбловлар қўйилди. Гўёки сиёсатчи давлат пулларидан Таиландда дам олгани, лабини ботокс қилгани ва ўғлини ўқитгани даъво қилинди. Собиқ Президент барча айбловларни рад этди. 

Аҳоли орасида ҳукуматга қарши норозиликлар авж олиб бормоқда. Саакашвили тарафдорлари уни қўллаб намойишлар уйюштирмоқда.

Собиқ Президент давлат пулларини ўзлаштиргани айблови бўйича навбатдаги суд мажлиси 27 декабрь куни ўтказилади. Воқеалар ривожини биргаликда кузатамиз.

Достон Искандаров

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 144
Рейтинг: 3
t
×