Хитой “қарз қопқони”га кимлар тушган? Ўзбекистон хавф гуруҳига кирадими?
Таҳлил
−
06 Декабрь 2021
90795Хитой ҳозирда дунёнинг энг тез ривожланаётган мамлакати ҳисобланади. 2020 йилда мамлакатнинг ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) кўрсатгичи 17 триллион долларга (АҚШдан кейин 2-ўринда) яқинлашиб қолди. У сиёсий жиҳатдан ҳам бемалол дунёда етакчилик мақоми учун курашиш даражасига етиб келди. Сўнгги ўттиз йил давомида бошни айлантирувчи иқтисодий ўсиш туфайли улкан капитал тўплади. Фақат Хитой Халқ банкининг хорижий захиралари 3,2 трлн долларни ташкил этмоқда. Кўпгина мамлакатларда ўз таъсирини кенгайтиришга интилаётган Хитой Халқаро валюта фонди (ХВФ) ва Жаҳон банкини (ЖБ) ортда қолдириб, дунёдаги энг йирик расмий қарз берувчига айланди. Аммо пандемия туфайли юзага келган глобал иқтисодий таназзул Хитойнинг кўплаб қарздорларини қийин аҳволга солиб қўйди. Хитойнинг қарз бериш сиёсати танқидчилар томонидан “қарз қапқони дипломатияси” дея таърифланмоқда.
Банкирлар орасида машҳур бўлган “бир неча минг кредитни банкка қайтара олмасанг, сенда муаммо бўлади, қарзинг юзлаб миллион бўлса, банкда муаммо бўлади”, деган нақл Хитойнинг ўзи ҳам берган қарзлари ортидан қийин ҳолатга тушиб қолганига мисол бўлади.
Ушбу мақолада Хитой берган қарзларнинг миқдорий таҳлили, кредит беришдаги ношаффофликлар, “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси, пандимеянинг Хитой қарз сиёсатига зарари, кредитларнинг Ўзбекистонга таъсири ҳақида сўз юритамиз.
Глобал Қарз берувчи
Мюнхен университетидан Себастян Хорн, Гарвард университетидан Кармен Рейнхарт ва Кил институтидан Кристоф Требеш каби мутахассислар ҳамкорликда 152 давлатни қамраб олган Хитой кредитлари сиёсати бўйича маълумотларни тўплашди. Хитой ҳукумати бутун дунёга 5 триллион доллардан ортиқ (жаҳон ЯИМнинг 6 фоизи) кредитлар берган. Ҳолбуки, аср бошида бу миқдор 500 миллиард доллардан кам эди (жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 1 фоизи). Агар буларга хорижий сармоя ва тўғридан-тўғри инвестицияларни ҳам қўшса, Хитойнинг 2017 йилда хориждаги умумий молиявий маблағи жаҳон ЯИМнинг 8 фоизидан ортиғини ташкил этган.
Бундай кредит ва инвестициялар ўсишини тарихда фақат АҚШнинг Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушлари натижасида кредит захиралари кўпайиши билан солиштириш мумкин.
Қарзнинг катта қисми Хитой Халқ банки томонидан халқаро облигациялар бозорларида сотиб олинган. Бундан ташқари, ҳукумат ривожланаётган мамлакатларга тобора кўпроқ тўғридан-тўғри кредитлар бермоқда. Ривожланиш даражаси юқори ва ўрта бўлган мамлакатлар учун кредитлашнинг энг кенг тарқалган шакли портфель инвестициялари бўлиб, одатда Хитой Халқ банки томонидан давлат облигацияларини сотиб олиш йўли билан амалга оширилади. Оқибатда кўплаб ривожланган давлатлар Хитой ҳукуматидан катта қарздор бўлиб қолган. Энг машҳур мисол – Хитойнинг АҚШ давлат облигацияларини (шунингдек, АҚШнинг бошқа асосий даромадли активларини) сотиб олиши 2000 йил бошидан буён ўсиб, 2011 йилда 1,6 триллион доллар етган (АҚШ ЯИМ 10 фоизи).
Давлат томонидан молиялаштиришнинг бошқа турлари ҳам сезиларли даражада ўсди: ривожланган мамлакатларга расман кафолатланган тижорат кредити, капитал оқими ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар.
Ривожланаётган мамалакатлар кредитларининг тўртдан бир қисми Хитой ҳиссасига тўғри келади. Хитой кредитларининг 50 та энг йирик олувчи давлатлари асосан кичик ёки камбағал мамлакатлар ҳисобланади. Хитойнинг қарзи 2005 йилда мамлакат ЯИМнинг тахминан 1 фоизидан 2016 йилда 15 фоизгача ўсди. Кредитлар давлат органлари – ҳукумат, Марказий банк ва давлат тижорат банклари томонидан бошқарилади.
Аксарият қашшоқроқ мамлакатларнинг Хитойдан қарзи ҳозирда умумий расмий ташқи қарзнинг ўртача 40 фоизини ташкил қилади. Хитойнинг давлат кредитлари одатда имтиёзли шартларга эга бўлган ХВФ ва Жаҳон банки кредитларидан фарқли ўлароқ, нисбатан юқори фоиз ставкалари ва қисқа муддатларга эга.
Бир макон, бир йўл ташаббусини молиялаштириш
Хитой "Бир макон, бир йўл" лойиҳаси доирасида тўғридан-тўғри кредитлаш фаолияти ҳақида батафсил маълумот бермайди. Фақат қисман маълумот мавжуд. Масалан, Хитой тижорат банки 2015 йилдан буён янги Ипак йўли билан боғлиқ сармоя киритилаётган мамлакатларга 100 миллиард доллар кредит ажратганини маълум қилди. Лойиҳа доирасида кредитлар асосан Exim Bank of China (Хитой Эксим банки) томонидан тақдим этилади ва Хитой ҳукумати томонидан кафолатланади. ХВФ маълумотларига кўра, Хитойнинг ушбу лойиҳаларга берадиган кредитлари аксарият ҳолларда хавфли бўлиб, ташаббусда иштирок этаётган мамлакатлар ўртасида ортиқча қарздорликка олиб келади.
Юқоридаги сўзлар исботи сифатида бир-қанча мисол келтириш мумкин:
Хитойнинг ягона хорижий ҳарбий базаси жойлашган Жибути олган кредит миқдори қарийб 1,5 миллиард долларга етди. Бу пул мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 70 фоизини ташкил этади. Баъзи кредитлар бозор ставкаларидан паст фоиз ставкаларига эга эди, аммо Аддис-Абеба–Жибути темир йўли учун кредит тижорат шартлари асосида берилган. Давлат қарзи ялпи ички маҳсулотнинг 50 фоизидан 80 фоизигача ошди ва барча паст даромадли мамлакатлар орасида энг юқори кўрсаткичга эришди.
Малдив оролларида Хитой учта лойиҳада иштирок этади:
• қиймати 830 миллион долларга яқин турадиган халқаро аэропортни модернизация қилиш;
• қиймати қарийб 400 миллион доллар бўлган турар-жой массиви ва аэропорт яқинида кўприк қурилиши;
• асосий портни кўчириш (тахминий қиймати номаълум).
Малдив оролларининг ялпи ички маҳсулоти 4 миллиард доллардан кўпроқни ташкил қилади.
Хитой Эксим банки темир йўл қурилиши учун Лаосга 465 миллион доллар кредит ажратди. Лаос ҳукумати гидроэнергетика лойиҳаси учун 600 миллион долларлик кредит ҳам имзолади.
Европага ҳам Хитой кредитлар кириб борди. Худди шу банк Чернагориянинг Бар шаҳрини Сербия билан боғлайдиган магистрал йўл нархининг 85 фоизини молиялаштиради. Инвестицияларнинг тахминий қиймати 1,1 миллиард долларни ташкил қилади.
2017 йилда Хитой Эксим банки Мўғулистон ҳукумати билан аэропортдан пойтахтгача бўлган автомобиль йўли ва гидроэлектр станцияси қурилишини молиялаштириш бўйича шартнома имзолади. Ушбу ҳужжатнинг умумий қиймати тахминан 1 миллиард долларни ташкил қилади. Ўтган вақт мобайнида Гидроэнергетика лойиҳаси тўхтатилган ва кредит бошқа мақсадларга йўналтирилган.
Хитой Тожикистонда газ қувури, Қирғизистонда эса темир йўл ва автомобиль йўли қурилишини молиялаштирмоқда. Хитой Эксим банки Қирғизистондаги улуши 1,5 миллиард доллар ёки мамлакат умумий ташқи қарзининг қарийб 40 фоизига эга бўлган энг йирик кредитор ҳисобланади.
Покистон “Бир макон, бир йўл” ташаббусининг асосий лойиҳаси бўлган Хитой-Покистон иқтисодий коридорини (CPEC) амалга оширмоқда. CPEC лойиҳаларининг умумий қиймати 60 миллиард доллардан ортиққа баҳоланмоқда. Энергетика лойиҳаларига камида 33 миллиард доллар сармоя киритилади. Хитой харажатларнинг қарийб 80 фоизини молиялаштиради.
Инфратузилма ва энергетикага инвестициялар одатда дастлаб режалаштирилганидан қимматроқ бўлиб, уларнинг рентабеллиги умумий иқтисодий вазиятга боғлиқ. Пандемия туфайли юзага келган глобал инқироз лойиҳани амалга оширишнинг кечикишига олиб келди ва Хитойнинг қарздор мамлакатлари кредитларни қайтаришда муаммоларга дуч келмоқда.
Яширин қарзлар
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, Хитой ривожланаётган давлатларга берган кредитларининг 50 фоизини ХВФ ва Жаҳон банки ҳисоботларидан яхшириб келади. Moody's, Standard ва Poor’s каби рейтинг агентликлари хусусий кредиторлар (банклар, облигациялар эгалари ёки бошқалар) кредитларини, Париж кредиторлар клуби эса бир давлат бошқа давлатга берган расмий кредитларини кузатиб боради. Шунинг учун назарий жиҳатдан улар Хитойнинг кўпгина хорижий кредитларини ўз ичига олиши керак. Бироқ, Хитой Париж клубининг аъзоси эмас ва стандарт ҳисобот талабларига жавоб бермайди. Бундан ташқари, Хитой узоқ ва қисқа муддатли тижорат кредит оқимлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этувчи Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) экспорт кредит гуруҳига кирмайди. Хитой Халқ банки активларни сотиб олиш ёки ўз портфелининг тузилиши ҳақида маълумот эълон қилмайди. Натижада, Хитойнинг халқаро кредит ҳужжатлари ҳақида тўлиқ маълумот олиш имконияти мавжуд эмас.
Хитой 2015 йилда Халқаро ҳисоб-китоблар банкига ҳисоботлар топширишни бошлади, бироқ ҳукумат икки томонлама кредит шартномаларини ошкор қилишдан бош тортди. 2016 йилда “яширин” кредитлар ҳажми 200 миллиард доллардан ортиқни ташкил қилди. Бу муаммо, айниқса, ривожланаётган йигирматалик давлатларда кучлироқ, яъни қарз олиш уларга қанчага тушиши тўғрисида ҳақиқий маъумотларни билиш имкониятини бермайди.
Шаффофликнинг йўқлиги хусусий инвесторлар учун активларни баҳолашни қийинлаштиради. Бу, шунингдек, қарз инқирозини ҳал қилишда тўсиқдир, чунки мамлакат қарзининг ҳажми ва тузилиши ҳақидаги маълумотлар адолатли тақсимлаш ва инқирозни бошқариш учун жуда муҳим омил ҳисобланади.
Хитой берган қарз ортидан келган муаммолар
Хитой ҳукумати Покистон, Қирғизистон, Шри-Ланка ва Африканинг бир қанча давлатлари раҳбарияти томонидан жорий йилда тўланиши керак бўлган ўнлаб миллиард долларлик кредитларни қайта кўриш, кечиктириш ёки бекор қилиш бўйича сўровлар олди.
Африканинг иқтисодиёт энг тез ривожланаётган давлати – Эфиопия Хитойдан қарзининг бир қисмидан воз кечишни сўради. Малайзия баъзи кредит битимларини бекор қилиб, Пекинни қарз қийматини 16 миллиард доллардан 11 миллиард долларга қисқартиришга мажбур қилди. Хитой жуда кўп қарз бергани сабаб кредиторнинг дилеммасига дуч келди. "Қарзни бекор қилиш самарасиз ва осонмас. Хитой ёрдам қила оладиган амал шуки – кредит маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган лойиҳаларни жонлантириш ва изчил фойда келтириш”, деб ёзади Хитой Савдо вазирлигининг вакили Сонг Вей коммунистлар назоратидаги “Global Times” газетасида.
Хитойнинг молия тизими аллақачон давлат корхоналари ва маҳаллий ҳукуматлар томонидан тўланмаган қарзлар туфайли танглик ҳолатига келиб қолди. Шу сабабли, Хитой G20 нинг “кам даромадли мамлакатларга икки томонлама кредитлар тўловларини 2021 йил охиригача ва ҳатто, 2022 йилгача музлатиш” ташаббусига қўшилган бўлса-да, катта ҳажмдаги қарзларни бекор қилиш ғоясини рад этди. Аммо Сонг Вейнинг сўзларига кўра, Хитой Эксим банки томонидан “Бир макон ва бир йўл” лойиҳалари учун ажратилган кредитларнинг қайтарилиши музлатилмайди.
Етакчи давлатлар Хитойни даромади паст бўлган мамлакатларга берилган кредитлардан ортидан қимматли активларни эгаллаб олишда айбламоқда. Мамлакатдан ташқарида ўзга давлат бойликларни ўзлаштириш қийин, битта нотўғри ҳаракат сиёсий можароларга олиб келиши мумкин. Бундай ҳолатга ўзини “суперкуч” деб даъво қилган Хитой ҳам тайёр эмас.
Шу боис Хитой қарздорлар билан келишишга ҳаракат қилмоқда. Қирғизистон ҳукумати Хитой 1,7 миллиард долларлик қарзни тўлаш жадвалини ўзгартиришга рози бўлганини эълон қилган, бироқ тафсилотларни ошкор этмаган. Хитой Тараққиёт банки Шри-Ланкага ёрдам бериш учун 700 миллион долларлик кредит йўналишини кенгайтирди, фоиз ставкасини пасайтириб, тўловни икки йилга кечиктирди.
Пендемия сабабли юзага келган инқироз Хитойнинг молиявий жиҳатдан қарам давлатлар блокини яратиш бўйича улуғвор режаларини заифлаштириши мумкин.
Яқинда бундан ҳам кучли хавф пайдо бўлди: Европа Комиссияси жорий йилнинг 1 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Хитойнинг дунёда таъсири кучайиб бораётганига қарши курашиш мақсадида, ривожланаётган мамлакатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш учун 300 млрд эвро маблағ ажратишга қарор қилди. Бу пуллар 2027 йилгача Брюссель (Европа Иттифоқи) томонидан яратилган "Умумий дарвоза" (Global Gateways) лойиҳаси доирасида ишлатилиши керак.
Кредитларнинг Ўзекистонга таъсири
2020 йил ҳисоботлари бўйича Ўзбекистоннинг Хитойдан қарзи 3 млрд долларни ташкил қилмоқда. Бу мамлакат умумий қарзининг 12 фоизини ташкил қилади. Бу натижалар қўшни мамлакатларда анча ёмонроқ: Қирғизистон 1 миллиард 700 миллион доллар қарз олган ва бу давлат умумий ташқи қарзининг 40 фоизини ташкил этади. Тожикистон ташқи қарзларида Хитойнинг улуши 48 фоизни ташкил этади. Мустақиллик йилларида Тожикистон Хитойдан 1 миллиард 200 миллион доллар қарз олган. Қозоғистоннинг Хитой олдидаги давлат қарзи 12 миллиард доллардан ортиқни ташкил этади. Бу давлат умумий қарзининг 8 фоизи дегани. Туркманистон ҳақида эса аниқ маълумотлар мавжуд эмас.
Хитой берган умумий кредитлар миқдор 5 трлн доллар эканини ҳисобга олсак, Марказий Осиё давлатлари бундан катта улуш олмаган. Марказий Осиё мамлакатлари бошқа айрим давлатларга солиштирганда “қарз қопқони”га тушадиган даражада хавф гуруҳига кирмайди. Шунга қарамай, минтақа ичидаги вазиятга қарасак, айрим давлатлар аҳволи қўшниларига қараганда ёмонроқ.
Муаммо шундаки, қарзлар ўсиб бормоқда. 2015 йилнинг январидан 2019 йилнинг январигача давлатнинг Хитой олдидаги қарзи аста-секин 1,055 млрд доллардан 1,964 долларгача ўсган. 2020 йилга бориб, Ўзбекистоннинг Хитойдан қарзи 3,006 млрд долларга етди. Ўсиш шу тариқа давом этадиган бўлса, яқин вақтлар ичида бу Ўзбекистон учун иқтисодий хавф бўлиши мумкин.
Достон Искандаров
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь