Корея Президенти рафиқаси атрофидаги можаролар учун узр сўради
Олам
−
09 Ноябрь
6461Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль рафиқаси атрофидаги қатор можаролар учун узр сўради. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қайд этилишича, Президент Юн Сок Ёль телевидение орқали халққа мурожаатида рафиқаси Ким Кеон Хи ўзини яхшироқ тутиши зарурлигини билдирган. Шунингдек, турмуш ўртоғига қарши баъзи даъволар бўрттирилганини таъкидлаган.
Шунингдек, Президент биринчи хонимнинг расмий вазифаларини назорат қилиш учун офис ташкил этишини айтган, бироқ унинг фаолиятини текшириш таклифини рад этган.
Маълумот учун, 2023 йил охирида “Voice of Seul” YouTube каналида яширин камера орқали олинган видео эълон қилинганди. Унда Ким 2022 йил сентябрь ойида 3 миллион вон (2200 доллар) миқдоридаги Dior сумкасини қабул қилгани акс этган.
Жорий йил февраль ойида Президент бу кадрлар сиёсий мақсадда сиздирилганини таъкидлаб, узр сўрашдан бош тортган.
Мазкур воқеа Юннинг партияси ичида ҳам келишмовчиликлар келтириб чиқарган. Хусусан, етакчилардан бири биринчи хонимни ўзининг ҳашаматли турмуш тарзи билан машҳур бўлган Франция қироличаси Мария Антуанетта билан қиёслаган. Бундан ташқари, мухолифат партияси ҳам узоқ вақтдан бери Ким Хини акциялар нархини манипуляция қилишда айблаб келади. 2024 йил бошида Юн рафиқасини ушбу айбловлар бўйича тергов қилишни талаб қилувчи қонун лойиҳасига вето қўйган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Кореяда прокурорлар Ким Кеон Хига 2022 йилда корейс миллатига мансуб америкалик пастор (руҳоний) Чой Чже Ёндан ҳашаматли, 2,2 минг долларлик Dior сумкасини қабул қилгани учун қўйилган коррупция билан боғлиқ айбловни олиб ташлашга қарор қилганди.
LiveБарчаси