Конституцияга киритилаётган ўзгартишлар бўйича умумхалқ муҳокамаси якунланди

Жамият

image

Бугун, 1 август куни “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси якунланди. Бу ҳақда Конституциявий комиссиясининг ижтимой тармоқдаги саҳифасида маълум қилинди.

“1 август соат 00:00 ҳолатига кўра, умумхалқ муҳокамасига таклифларни қабул қилиш тўхтатилганини маълум қиламиз!

Қонунчилик палатасининг масъул қўмиталари халқимиздан келиб тушган таклифларни умумлаштириш, таҳлил қилиш ва қонун лойиҳасини такомилига етказиш борасидаги фаолиятини давом эттиради”, дейилади комиссия хабарида.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 июнь куни “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди. Қонунчилик палатасида шунингдек, қонун лойиҳасини умумхалқ муҳокамасига қўйиш юзасидан тегишли қарор қабул қилинди. 

Бундан ташқари, ўтказилган умумхалқ муҳокамаси натижасига кўра, тайёрланган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси референдумига қўйилиши маълумот учун қабул қилинган.

Бироқ июль ойи бошида Қорақалпоғистонда юз берган намойишлар сабаб Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича Конституциявий қонун лойиҳасининг муҳокамаси тугаш муддати – 5 июлдан 15 июлгача узайтирилилди.

Кейинроқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг жорий йил 15 июль куни ўтказилган мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасининг муддатини 2022 йил 1 августгача узайтириш ҳақида қарор қабул қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

120

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг