Конор Макгрегор жинсий зўравонликда гумон қилинмоқда
Спорт
−
16 Июнь 2023
6386Ирландиялик собиқ UFC чемпиони Конор Макгрегор баскетбол бўйича “Денвер Наггетс” ва “Майами Хит” жамоаларининг финал ўйинига келган бегона аёлга жинсий зўравонлик қилганликда айбланмоқда. Бу ҳақда “Sports” хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 13 июнь куни НБАнинг финал учрашуви вақтида ММА'чи эркаклар ҳожатхонасида жангни томоша қилиш учун борган бегона аёлга куч ишлатиш ва жинсий зўравонлик қилишга уринган.
Аёлнинг адвокатига кўра, учрашувни трибунадан туриб кузатаётган ирландиялик унга яқин ўриндиқда ўтирган аёлга (жабрланувчи) бир неча бор ғаразли нигоҳда қараган. Мусобақанинг танаффус вақтида эса спортчининг қўриқчилари аёлни эркаклар ҳожатхонасига мажбуран олиб борган.
Воқеа жойида кутиб турган Макгрегор жабрланувчига турли йўллар билан босим ўтказган ҳамда аёлни руҳан ва жисмонан камситган.
Шунингдек, мазкур ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертизаси иш бошлагани, тегишли тартибда ишлар олиб борилаётгани ва далилий ашёлар тўпланаётгани айтилган. Аммо спортчининг ўзи ҳам, вакиллари ҳам юқоридагиларни узил-кесил рад этмоқда.
Маълумот учун, бу Конорнинг биринчи марта жинсий зўравонликда айбланиши эмас. Унинг устидан дастлаб 2018 йилда шу турдаги шикоят аризаси ёзилган. Кейинчалик 2022 йилгача ҳар йили бир ёки икки бор ММА'чининг устидан арз бўлиб турган. Уларнинг барчасида далил етарли бўлмагани учун Конорнинг иши судга оширилмаган.
Умурзоқов Муҳсинжон
LiveБарчаси