Конгода жангарилар қишлоқни ёқиб юборди. Қурбонлар бор (видео)
Олам
−
15:41 638 2 дақиқа
Жорий йилнинг 5 ноябрь куни Конго Демократик Республикасининг шарқидаги қишлоққа уюштирилган қуролли ҳужум оқибатида камида 33 киши ҳалок бўлди, 50 дан ортиқ уй ёқиб юборилди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳужум мамлакатнинг Шимолий Киву провинциясидаги Кантине қишлоғида тунда содир бўлган. Маҳаллий фуқаролик жамияти ташкилоти раҳбари Жастин Палукунинг айтишича, ҳозиргача 33 кишининг жасади топилган. Жангарилар уйларни талон-торож қилган ва ёқиб юборган.
Ҳужум оқибатида кўплаб аҳоли вилоятнинг бошқа ҳудудларига қочишга мажбур бўлган. Улар орасида маҳаллий шифохонада даволанаётган 180 нафар бемор ҳам бор. Келекеле шифохонаси тиббий директори Кристиан Какуленинг маълум қилишича, улар орасида Эбола касаллигига чалинганликда гумон қилинган беморлар ва касаллик тасдиқланган бир киши ҳам бўлган.
Унинг сўзларига кўра, шифохонадан атиги 50 метр узоқликда ўқ овозлари эшитилган ва уйлар ёниб кетган. Тиббиёт ходимлари беморларнинг қочиб кетиши касалликнинг янада тарқалишига сабаб бўлишидан хавотирда.
Қайд этилишича, Шимолий Киву провинцияси Бундибугё вируси сабаб юзага келган Эбола эпидемиясининг асосий ўчоқларидан бирига айланган. Ҳудуддаги қуролли тўқнашувлар касалликка қарши курашиш ва беморларга ёрдам кўрсатиш ишларини қийинлаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Судан ва Жанубий Судан чегарасидаги баҳсли Абъей ҳудудида жойлашган бозорга дронлар билан ҳужум қилиниши оқибатида камида 153 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиОзон тешиги рекорд даражада кенгайди
06 Ноябрь
Октябрда инфляция 0,6 фоизни ташкил этди
06 Ноябрь