Комилов Ўзбекистон Афғонистон билан қандай муносабатлар ўрнатмоқчилигини айтди
Жамият
−
09 Сентябрь 2021
5899Кеча, 8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Комилов Aфғонистон бўйича видеоконференцалоқа шаклидаги вазирлар учрашувида иштирок этди.
AҚШ Давлат департаменти ва Германия Ташқи ишлар вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган йиғилишда дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатларининг ташқи сиёсий идоралари раҳбарлари ҳамда БМТ, Европа Иттифоқи ва НAТО вакиллари қатнашди.
Йиғилишда Комилов Ўзбекистон Афғонистон билан дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини сақлаб қолиш, бетарафлик ва қўшни давлатнинг ички ишларига аралашмаслик тарафдори эканини таъкидлади.
Шунингдек, Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўз нутқида Aфғонистон учун можаролардан кейинги стратегияни ишлаб чиқиш, жумладан, унинг иқтисодиётини тиклаш, мамлакатни минтақавий интеграцион жараёнларга жалб қилиш, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш зарурлигига эътибор қаратди.
Бундан ташқари, Тадбирда Aфғонистондаги мавжуд вазият, Aфғонистон инқирозини ҳал қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва мамлакат аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатиш масалалари муҳокама қилинди.
Aсосий инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиш, хусусан, аёллар ва миллий озчиликлар ҳуқуқларини таъминлаш, Aфғонистон ҳудудида террористик ташкилотлар фаолият юритишини олдини олиш борасидаги “Толибон”нинг мажбуриятларини бажариши муҳимлиги қайд этилди.
Аввалроқ, Ўзбекистон Афғонистонда янги ҳукумат тузилганини олқишлагани ҳақида хабар берган эдик. Унда расмий Тошкент Афғонистоннинг янги давлат идоралари билан конструктив мулоқот ва амалий ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр экани қайд этилганди.
Бунга жавобан “Толибон” вакили ҳаракат қўшнилар, шу жумладан минтақавий давлатлар ва халқаро ҳамжамият билан ўзаро ҳурмат, умумий манфаатлар, ҳамкорлик ва дипломатия меъёрларига асосланган самимий муносабатлар қуриш истагида эканини маълум қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь