“Кнопкани босиб, чой ичгани кетолмаймиз!” Ўзбекистонда сунъий қор ва ёмғир ёғдириш нималарга олиб келади? 

Интервью

Ўзбекистонда сунъий тарзда қор ва ёмғир ёғдирилса, табиатга салбий таъсир бўлиши мумкин. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ мухбири Нозима Назировага Гидрометеорология илмий тадқиқот институти Атмосферага фаол таъсир этиш радиолокацион метеорология лабораторияси мудири Бахтиёр Қодиров маълум қилди.

QALAMPIR.UZ мухбири Гидрометеорология хизмати маркази директори ўринбосари Ибратжон Каримовдан Ўзбекистонда сунъий тарзда ёғдирилиши режалаштирилаётган қор ва ёмғирнинг атмосферага салбий таъсири қай даражада бўлиши мумкинлигини сўради.

“Танганинг икки томони бор. Картада Ўзбекистондан Ғарбга қараб, Касбий денгизи, Африка ундан кейин Атлантика уммони бор. У ерда гибралтар ва бошқа оқимлар ҳосил бўлади. Ҳаво массалари Атлантикадан кўтарилиб, бизнинг оқимга келгунга қадар Марокаш, Саудия Арабистони, Исроил, Сурия, Туркия ва бошқа давлатларни босиб ўтади. Санаб ўтган давлатларимнинг ичида бу технологияни энг кўп қўллайдиган давлат Исроилдир. Исроил давлати ёмғир чақириб, сув олади ва Гиорданиага сотади. Агар зарари бўлганида, улар бу сувни ичимлик суви сифатида сотмас эди.  Биз ҳам ёмғир чақирсак, радиуси 50 км атрофида бўлади”, дейди Ибратжон Каримов.

Шунингдек, у Ўзбекистонда сунъий ёмғир ёғдирилса, бошқа давлатнинг булутини Ўзбекистон ҳаво ҳудудига чақириб қўйиш мумкинлигини урғулади.

“Масалан илгари тоғли ҳудуд Бўстонликда ёмғир чақирсак, самолётлар Қозоғистон ҳудуди томондан кўтарилиб учиб келган. У пайтда чегаралар бўлмаган. Кумуш ядид сепишган. Ёмғир бизга ёғган. Ҳозир биз технологияни 3 хил усулда  қўллаганимизда, шамол йўналишларига қараб, ёмғир қўшни давлатга ҳам  ёғиши мумкин ёки “қўшни давлатнинг булутини ўғирлаб қўйишимиз” ҳам мумкин. Лекин сувга нисбатан ҳам бошқа жиҳатдан ҳам атмосферага салбий таъсири бўлмайди”, дейди у.

Шу ўринда Гидрометеорология илмий тадқиқот институти Атмосферага фаол таъсир этиш радиолокацион метеорология лабораторияси мудири Бахтиёр Қодиров берилган жавобга кескин тарзда ўз муносабатини билдирди.

“Салбий таъсири бор. Нима учун бор? Ёмғирни сунъий тарзда кўпайтирганимизда, ёмғир меъёридан ортиқ ёғдирилса, турли ҳудудларда сел оқимини олиб келиши мумкин. Шу томонини ҳам инобатга олишимиз керак. Керак бўлса, вақтида бу жараённи тўхтатиш лозим. Бунинг ҳаммаси технологияда кўрилган. Бу жараёнда босиладиган кнопкалар бор. Назоратда ушлаб турилади. Кнопкани босиб қўйиб, чой ичгани кета олмаймиз. Масъул ходим доимо жойида туриши керак”, дейди Қодиров.

Эслатиб ўтамиз, QALAMPIR.UZ ўзгариб бораётган об-ҳаво, экологиянинг ўзгаришига сабаб бўлаётган омиллар ҳақида  Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази директорининг биринчи ўринбосари Ибратжон Каримовдан интервью олган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Гидрометеорология сунъий тарзда қор ва ёмғир

Баҳолаганлар

1601

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг