КХДР Жанубий Корея қурган рамзий бинони бузиб ташлаяпти
Олам
−
13 Февраль 2025 12366 2 дақиқа
КХДР Кимгансан туристик зонасидаги Жанубий Корея маблағлари ҳисобига қурилган ва мамлакатлар бўлиниб кетиши оқибатида ажралган оилалар учрашиши учун мўлжалланган бинони бузиш ишларини олиб бормоқда. Бу ҳақда Жанубий Корея Бирлашиш вазирлиги расмий вакили Ку Бён Сам маълум қилди.
“Биз бузиш бўйича бир томонлама ҳаракатлар сабабли чуқур афсусдамиз. Шимолий Кореяни бу ишни тўхтатишга қатъий чақирамиз”, дейди Ку Бён Сам
Сеул барча оқибатлар учун масъулиятни Пхеньянга юкламоқда.
“Биз ҳуқуқий чоралар кўриш ва халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик қилиш каби зарурий тадбирларни кўриб чиқамиз”, дея қўшимча қилган Ку Бён Сам.
Қайд этилишича, Кимгансан туристик зонасида Жанубий Корея томонига тегишли бўлган ягона бузилмай қолган ушбу бино ажралган оилалар жойлашуви учун мўлжалланган мажмуа бўлган. Илгари ушбу курорт Сеул ва Пхеньян ўртасидаги ҳамкорлик рамзи сифатида қаралган. Қолган бинолар эса бузиб ташланган.


Маълумот учун, сўз бораётган мазкур бино 2008 йилда қурилган бўлиб, унинг бюджети 35,2 миллион долларни ташкил этган. У Корея уруши (1950–1953) оқибатида 38-параллел бўйлаб ажралиб қолган оилалар учрашуви ва жойлашуви учун мўлжалланган эди. 2024 йил охирига келиб, Жанубий Корея ҳукумати КХДРда қолган қариндошлари билан учрашишни истаган 36,9 минг жанубий кореялик фуқаро мавжудлигини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Пхеньян ўз ҳудудида уриб туширилган Жанубий Корея учувчисиз учоғи топилганини даъво қилгандан сўнг, Шимолий Корея Сеулни “жиддий ҳарбий провокация”да айблаганди. КХДР Мудофаа вазирлиги вакили кейинги сафар мамлакат ҳудудини ҳарбий йўл билан бузиш “уруш эълон қилиш” сифатида баҳоланиши ва “зудлик билан жавоб зарбаси”га олиб келиши билан таҳдид қилган.
Live
Барчаси