КХДР Россияга 100 минг аскар юбориши мумкин – “Bloomberg”
Олам
−
18 Ноябрь
4420Москва ва Пхеньян ўртасидаги ҳамкорлик чуқурлашишда давом этса, Шимолий Корея Россияни Украинага қарши босқинда қўллаб-қувватлаш учун 100 минггача ҳарбий хизматчини юбориши мумкин. Бу ҳақда ўз манбаларга таяниб, “Bloomberg” хабар берди.
Нашр манбасига кўра, бундай сценарий муқаррар эмас. Бироқ агар бундай миқёсдаги ҳарбий ёрдам кўрсатилса, у катта контингентни бир марталик жойлаштириш орқали эмас, балки бўлинмаларни алмаштириш билан босқичма-босқич амалга оширилади.
“Шимолий Корея қўшинларининг Курск вилоятида жойлашиши можарони глобал тусга эга бўлаётганидан дарак беради”, дейди манбалар.
Қайд этилишича, ушбу масала Бразилиядаги G20 саммитида (19-20 ноябрь кунлари бўлиб ўтади) муҳокама қилиниши кутилмоқда. Хусусан, Германия канцлери Олаф Шольц Хитой раиси Си Цзиньпин билан учрашувда эскалация масаласини кўтаришни режалаштирган. Унга кўра, Шольц Пекин ўз таъсиридан фойдаланиб, Москва ва Пхеньянга босим ўтказишини талаб қилади.
Маълумот учун, жорий йилнинг июнь ойида Владимир Путин Шимолий Кореяга ташриф буюриб, КХДР етакчиси Ким Чен Ин билан кенг қамровли стратегик шериклик ҳақидаги шартномани имзолаган. Ушбу ҳужжат мамлакатлар ўртасидаги ҳарбий иттифоқни мустаҳкамлайди. Шартноманинг 4-моддасига кўра, томонлардан бирига ҳужум қилинганда, бошқа томонга мавжуд барча воситалар билан ҳарбий ёрдам кўрсатиш мажбурияти юкланади.
Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида Украина Президенти Владимир Зеленский Шимолий Корея Россияга Украинага қарши урушда ёрдам бериш учун ўз аскарларини юборганини маълум қилганди. Ушбу маълумотни Жанубий Корея разведкаси ва Пентагон тасдиқлаган. Унга кўра, КХДРдан Россияга 12 мингга яқин ҳарбий юборилган. Жанубий Корея разведкасининг маълумотига кўра, Россия ҳар бир шимолий кореялик ҳарбий учун Пхеньянга 2 минг доллар тўлайди. Бу Шимолий Корея фуқаросининг ўртача 83 йиллик маошига тенг.
LiveБарчаси