КХДР ракетаси ёки Қўштепа канали – қай бири хавотирли? Кушербоев ТИВ муносабатига киноя қилди

Жамият

image

Ўзбекистон Табиат ресурслари вазирининг маслаҳатчиси, жамоатчилик фаоли Расул Кушербоев мамлакат Ташқи ишлар вазирлигининг Шимолий Корея ракета учиришига билдирган хавотирига Telegram'даги каналида кинояли изоҳ қолдирди. 

“Шимолий Кореани ракета учирганидан хавотир олаяпмизу, лекин негадир Амударё сувини кескин камайтириб, бир қатор ҳудудларимизни сувсиз қолдириши мумкин бўлган Афғонистонда қурилаётган Қўштепа канали ҳақида хавотирланмаяпмиз. Мен кўпроқ каналдан хавотирдаман. Ишқилиб хавотирларим асоссиз бўлиб чиқсинда”, деган Кушербоев.

Таъкидлаш жоизки, Қўштепа канали Афғонистоннинг Балх, Жаузжон ва Фарёб вилоятларида 3 миллион жериб (1 жериб – 2000 квадрат метр) ерни суғориш ва 250 мингга яқин аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида қурилмоқда. Каналнинг узунлиги 285 км, эни 100 метр, чуқурлиги 8,5 метр бўлиши керак. Канал Амударёнинг Балх вилояти Калдар туманидаги қисмидан бошланади ва сувни худди шу дарёдан олади. 

2022 йил ноябрь ойининг охирида каналнинг қарийб 40 километр қисми қуриб битказилган. Лойиҳани якунлаш 2028 йилга мўлжалланган.

Мутахассислар Қўштепа канали фойдаланишга топширилгач, ҳудуддаги сув ҳавзаси билан боғлиқ вазият кескин ёмонлашишидан хавотирда. Шусиз ҳам сўнгги йилларда Марказий Осиёнинг барча республикаларида сув танқислиги тобора кучайиб бораётган эди. Канал қурилиши эса вазиятни янада кескинлаштиради.

Айниқса Ўзбекистон ва Туркманистон энг кўп зарар кўриши мумкин. Мамлакатлар минтақанинг асосий дарёсидан суғориш ишлари учун оладиган сувнинг 15 фоизини йўқотиш эҳтимоли бор. Лекин Марказий Осиёда сувнинг асосий истеъмолчиси Ўзбекистон бўлиб, унинг аҳолиси 36 миллион кишига етган ва ўсишда давом этмоқда. Бундан ташқари, республикадаги сувнинг 90 фоизи қишлоқ хўжалигида фойдаланилади.

Эслатиб ўтамиз, Шимолий Корея 31 май куни Япониянинг Окинава ороли томон биринчи разведка сунъий йўлдоши билан ракета учирганди. Аммо КХДР маъмурияти сунъий йўлдошни учириш муваффақиятсиз бўлганини тан олди. Бунга сабаб ракета двигателлари ишидаги муаммолар ва ёқилғининг беқарорлиги бўлгани келтирилди. Шундан сўнг Вашингтон маъмурияти Шимолий Кореянинг ракета ташувчи учирилиши Осиё-Тинч океани минтақаси ва ундан ташқарида вазиятни беқарорлаштириш хавфини оширишини билдирди. Бугун, 1 июнь куни эса Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Шимолий Кореянинг космик ракета учирганидан хавотир билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Расул Кушербоев Шимолий Корея Қўштепа канали

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг