Россия Афғонистонда АҚШ аскарларини ўлдириш учун “Толибон”га пул тўлаган – ОАВ
Олам
−
09:43
4628Россия ҳарбий разведкаси (Россия Қуролли Кучлари Бош штабининг Бош бошқармаси) 2021 йилнинг ўрталаригача Афғонистонда жойлашган халқаро коалиция қўшинларини ўлдириш учун Афғонистондаги гуруҳларга йиллар давомида пул тўлаб келган. Бу ҳақда "The Insider" ва Германиянинг "Der Speigel" журнали кеча, 8 январь куни қўшма суриштирувни эълон қилди.
Афғонистон ҳукуматининг собиқ амалдорлари журналистларга АҚШ ва коалиция аскарларига теракт ва ҳужумлар 2016-2019 йилларда содир бўлганини айтган. Нашрларнинг ёзишича, ҳар бир ҳалок бўлган аскар учун мукофот жами 200 минг долларни ташкил этган, Россия разведкаси эса "Толибон"га камида 30 миллион доллар тўлаган.
Суриштирув маълумотларига кўра, пулларни Қундузлик собиқ контрабандачи Раҳматулла Азизий бошчилигидаги курьерлар олиб ўтган. Журналистлар Азизий 2019 йилдан бери Москвада яшаётганини ва Раҳим Аҳмадов номига берилган Россия паспортига эга эканини аниқлаган. Бу ҳужжатнинг рақами Солсберида собиқ икки томонлама агент Сергей Скрипал ва унинг қизи Юлияни заҳарлаган Анатолий Чепига (Руслан Боширов) паспорт рақамидан бор-йўғи икки рақамга фарқ қилади.
"Россия разведка хизматлари "Толибон" ва бошқа гуруҳларга пул ўтказиш учун қимматбаҳо тошлар савдоси билан шуғулланувчи компания номини олган афғон курьерлари тармоғини сақлаб туришган. Ўз миссиясини якунлаб, курьерлар Россия ҳужжатлари ва Россиядан бошпана олишди", деб ёзади "The Insider".
Нашрнинг ёзишича, ёлланган афғон жангчиларининг россиялик кураторлари “Скрипални заҳарлаш ва Европада қўпорувчилик қилиш билан танилган” 29155-ҳарбий қисм офицерлари бўлган. Қайд этилишича, терроризмни молиялаштириш дастури раҳбари 29155-бўлинма командири ўринбосари генерал-лейтенант Иван Касьяненко,Россия ҳарбий разведкасининг "Толибон" билан асосий алоқаси эса Алексей Титов номидаги паспорт билан учаётган полковник Алексей Архиповдир.
Суриштирув маълумотларига кўра, курьерлик тармоғидаги баъзи афғонлар қочқинлар ниқоби остида Европа Иттифоқига киришган. "Der Spiegel" нашрига кўра, улардан камида икки нафари Германиядан бошпана сўраб мурожаат қилган ва уларга рад жавоби берилган, бироқ улар мамлакатда яшашни давом эттирмоқда.
"The Insider" томонидан очилган маълумотларга кўра, "Россиянинг турли исёнчи гуруҳларни марказий ҳукумат ва Америка тузумига қарши қўзғатиш дастури "Толибон"нинг мукофот дастуридан кўра анча узоқроқ давом этган".
Эслатиб ўтамиз, 28 декабрь куни Россия Президенти Владимир Путин ташкилотларни террорчилар рўйхатидан чиқаришга рухсат берувчи қонунни имзолаганди. Унга кўра, Россияда террорчи деб эълон қилинган ташкилот фаолиятига қўйилган тақиқни Бош прокурор ёки унинг ўринбосарининг даъвоси асосида суд қарори билан бекор қилиш таклиф этилмоқда.