КХДР пандемия билан боғлиқ “катта инқироз” ҳақида эълон қилди. Хитой эса ёрдамга тайёр
Олам
−
30 Июнь 2021
7755Корея Халқ Демократик Республикаси раҳбари Ким Чен Ин коронавирус пандемияси билан боғлиқ “катта инқироз” ҳақида эълон қилди. Бу ҳақда Корея Марказий телеграф агентлиги хабар берган.
Таъкидланишича, Шимолий Корея раҳбари эпидемияга қарши кураша олмаган юқори лавозимли амалдорларни жазолаган. Шу билан бирга, Ким Чен Ин айтиб ўтган инқироз айнан нима билан боғлиқлиги аниқланмаган.
Шундан сўнг, Хитой, агар керак бўлса, Шимолий Кореяга эпидемияга қарши ёрдам беришга тайёр эканини маълум қилди. Бу ҳақда Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Ван Вэньбинь таъкидлаган.
“Хитой ва КХДР дўстона қўшнилар. Хитой томони эпидемияга қарши курашда Шимолий Кореянинг кўрган чораларини ҳурмат қилади. Хитой ва КХДР азалдан бир-бирларига ёрдам бериш ва қийин пайтларда бир-бирларини қўллаб-қувватлаш каби анъаналарга эга”, деган Хитой томонининг вакили.
Жорий йилнинг 16 июнь куни Ким Чен Ин мамлакатда очарчилик бўлиши мумкинлиги ҳақида эълон қилганди. Шимолий Корея раҳбарининг айтишича, ўтган йилги тўфон ғалла етиштириш режасини амалга оширишга халақит берган. Шу сабабли, мамлакатда аҳолини озиқ-овқат билан таъминлашда кескин вазият ривожланмоқда.
LiveБарчаси