КХДР ҳам Жанубий Корея чегарасидаги карнайларни олиб ташлаяпти
Олам
−
09 Август 7135 2 дақиқа
Бугун, 9 август куни Шимолий Корея Жанубий Корея билан чегарадаги тарғибот мақсадида ўрнатилган карнайларни олиб ташлаш ишларини бошлади. Бу ҳақда Бирлашган штаб бошлиқлари қўмондонлигига таяниб, “Yonhap” хабар берди.
“Бугун эрталаб Шимолий Корея ҳарбийларининг айрим ҳудудларда Жанубий Кореяга қараган карнайларни демонтаж қилаётгани қайд этилди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, ҳарбийлар карнайлар бутун чегара бўйлаб олиб ташланаётганини тасдиқлаш лозимлигини қўшимча қилган. Билдирилишича, Жанубий Корея Пхеньяннинг “тегишли фаолиятини” кузатишда давом этади.
“Yonhap” маълумотига кўра, Шимолий Корея тахминан 40 га яқин ҳудудда бундай карнайларни ўрнатган, уларнинг айримларида демонтаж ишлари аллақачон якунланган.
Пхеньяннинг бу ҳаракатлари Жанубий Корея томонидан жорий йилнинг 5 август куни Шимолий Корея томонга қараган 20 та стационар карнайни олиб ташланишга жавоб сифатида баҳоланмоқда.
Маълумот учун, Жанубий Корея ҳукумати овоз кучайтиргичлар орқали чегарада K-pop мусиқаси, янгиликлар ва бошқа Жанубий Корея эшиттиришларини эфирга узатарди. Тарихан икки давлат 1963 йилдан бери бундай эшиттиришлар орқали тарғибот олиб борган. 2015 йилда юқори даражадаги музокаралар арафасида бу эшиттиришлар тўхтатилган, бироқ 2016 йилнинг январида Шимолий Корея ядро синовлари ўтказганидан кейин Сеул яна уларни тиклаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Корея Халқ Демократик Республикаси Олий халқ мажлиси раиси Пак Ин Чхоль АҚШ ва Жанубий Кореяни ядровий урушга тайёргарлик кўраётганликда айблаганди.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь