Киркоровнинг “бош оғриқ”лари кўпайди
Маданият-санъат
−
10 Февраль
13484Таниқли хонанда Филипп Киркоровнинг учта банкдаги ҳисоблари суғурта қарзлари туфайли блокланди. Француз бренди эса уни қора рўйхатга киритди. Бу ҳақда “Газета.ru” нашри хабар берди.
Билдирилишича, хонанданинг суғуртадан 47 минг рубль (517 АҚШ доллари) қарзи бор. Унинг музлатилган ҳисоблари ҳақидаги маълумотлар акс этган суратлар эса ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Бундан ташқари, 2023 йилнинг ноябрида ҳам Киркоровнинг солиқ хизматидан 5,5 миллион рубль (60 минг 445 АҚШ доллари) қарзи борлиги айтилганди. Апрель ойида эса маҳаллий нашрлардан бири, санъаткордан 4,5 миллион рубль (49 минг 455 АҚШ доллари) ундирилиши мумкинлигини хабар қилганди. Ўшанда "Маданий хизмат" ширкати Киркоровга қарши даъво қўзғатган. Билдирилишича, компания хонанданинг айби билан ўз вақтида бўлмаган концертни ташкил қилиш учун катта маблағ сарфлаган.
Шунингдек, яқинда Киркоров машҳур француз модалар уйидан ўзи учун замонавий либослар харид қилмаганини тармоқларда кўз-кўз қилганди. 2023 йилнинг декабрида эса хонанда ушбу мода уйи уни қора рўйхатга киритганини тан олди. Ижрочининг айтишича, француз бренди хонанда Россия Президенти Владимир Путинни қўллаб-қувватлагани учун унга кийим ва аксессуарларини сотишдан бош тортган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ивлееванинг базмида иштирок этгани учун Филипп Киркоровнинг концерт дастури бекор қилинганди. Шунингдек, хонанда 25 февраль куни Санкт-Петербургда бўлиб ўтадиган "Олтин граммофон" концертининг афишаларидан олиб ташланган. Киркоровнинг Янги йил дастурларидаги аллақачон ижро этган роллари ҳам кесиб ташланган.
Уни халқ артисти унвонидан маҳрум қилиш масаласи ҳам кўтарилган.
Ушбу бойкотдан сўнг Киркоров АҚШга кетганди.