Киркоров “халқ артисти” унвонидан маҳрум бўлиши мумкин
Маданият-санъат
−
27 Декабрь 2023
18064Россиялик таниқли хонанда Филипп Киркоров машҳурлар деярли ялонғоч ҳолда ташриф буюрган базмда иштирок этгани учун 2018 йилда олган Россия Федерацияси халқ артисти унвонидан маҳрум қилиниши мумкин. Бу ҳақда “Газета.ru” нашри хабар берди.
Юлдузларни танқид қилиши билан танилган Хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш бўйича федерал лойиҳа раҳбари Виталий Бородин Филипп Киркоровни унвонидан маҳрум қилишга чақирди. У Маданият вазирлигига бу борада мурожаат йўллади. Давлат Думаси депутати Александр Шолохов эса ушбу таклифни қўллаб-қувватлади.
Қўшиқчининг адвокати Александр Добровинский эса Бородиннинг ҳаракатларини машҳур бўлишга уриниш, деб баҳолади. У зиёфатга бошқа юлдузлар ҳам боргани, аммо Бородиннинг эътиборини фақат Киркоров тортганини урғулади.
“Бородин бошқа ҳеч кимга қарамади. Ваҳоланки, у ерда жуда машҳур одамлар, масалан, менинг дўстларим – Ольга Орлова, Лолита (Милявская) бор эди. Аммо йўқ! Киркоров ёрқин шахс бўлгани учун уни қизиқтириб қўйди. Бошқаларга эса негадир умуман эътибор қаратилмаяпти”, дейди адвокат.
Давлат Думаси депутати Александр Шолохов эса Киркоровнинг бу унвонга муносиб эмаслигини билдирди.
“Агар Киркоров бирор ҳайратланарли иш қилса, бу муҳокамаларга сабаб бўлади. Шунинг учун у доимо нимадир қилади. Очиғини айтганда, бу одам унвонни ҳеч қандай арзирли сабабсиз олган", деди у.
Гап шундаки, зиёфат 20 декабрь куни бўлиб ўтган. Ташкилотчилар меҳмонлардан деярли яланғоч келишларини сўраган. Тадбирда Ксения Собчак, Лолита Милявская, Жиган, Оксана Самойлова, Анна Асти, Дима Билан, Глюкоза ва бошқа машҳурлар иштирок этган.
Роскомнадзорнинг таъкидлашича, базмнинг баъзи фото ва видео материалларида ЛГБТ ташвиқоти аломатлари бор, шунинг учун бу контент аллақачон блокланган.
Маълумот учун, Бородин шу вақтга қадар ҳуқуқ-тартибот идораларига қўшиқчи Алла Пугачёва, Валерий Меладзе, актриса Лия Ахеджакова, ТикТокер Даня Милохин, журналист Юрий Дудь ва бошқа маданият арбоблари устидан шикоят қилган. Ноябрь ойида Шимолий Осетия адвокатлар ассоциацияси уни ахлоқ қоидаларини бузгани учун адвокатлик мақомидан маҳрум қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь