“Келгинди” сўзи ҳар доим пешонамдаги тамға эди – Наргиз Зокирова
Маданият-санъат
−
21 Декабрь 2022
39225Хабарингиз бор, жорий йилнинг май ойида хонанда Наргиз Зокирова Россия ҳақида кескин фикрлар билдиргани учун 2072 йилгача Федерацияга кириш ҳуқуқидан маҳрум қилинган эди. Зокирова Youtube'даги каналлардан бирига берган интервьюсида ана шу кун ҳақида айтиб берди.
“Мен ўз ишларим билан бир ой Тошкентда қолиб кетдим. Москвага қайтиб бориб, паспорт назоратидан ўтаётганимда, менга қўшимча текширувдан ўтишим кераклигини айтишди. Текширув бўлса, текширув-да, дедим. Шу пайт ортимдан иккита одам келди ва четроққа ўтишимни сўради. Бир хонага кирганимизда улар кўзларида ёш билан мендан кечирим сўрашга тушишди ва менга 50 йил давомида Россияга киришимга тақиқ қўйилганини айтишди. Мен буни хотиржамлик билан қабул қилдим. Мендан Тошкентга кетасизми ёки Нью-Йоркка деб сўрашди. Мен аввало Тошкентга бораман, дедим. У ердаги аэропорт ходимлари мени севишларини айтиб, суратга ҳам тушишган”, дейди у.
Қолаверса, жорий йилнинг октябрь ойида россиялик қўшиқчи Филипп Киркоровнинг Тошкентда концерт беришидан хабар топган Зокирова тадбир афишаси олдида туриб, “келгиндилар” дея изоҳ қолдирган. 1 ноябрь куни эса Филипп Киркоров Тошкентдаги концертида Наргиз Зокировага жавоб қайтарган эди. Интервью давомида хонанда шу вазиятга ҳам тўхталиб ўтган.
“Мен у афиша олдида видео суратга олаётганимда бирор мақсадни кўзламаган ҳам эдим. У афишада исталган одам бўлиши мумкин эди. Мен ҳозир кимнидир муҳокама қилиб, ҳукм чиқармоқчи эмасман лекин ўзимнинг аччиқ тажрибамда уларнинг осиёликларга муносабатини ўргандим. Бир аёл менинг концертимда, “сенга ўхшаган келгиндилар менинг уйимда ахлат тозалаяпти”, деган эди. “Келгинди”, деган сўз ҳар доим менинг пешонамда турарди. Мен ана шу видеони суратга олаётганимда бу катта воқеага айланиб, оғриқли акс садо беришини билмаган эдим”, деган хонанда.
Маълумот ўрнида, Наргиз Зокирова Ўзбекистонда таниқли мусиқачилар оиласида туғилган. Ўзбекистон халқ артистлари Ботир Зокиров, Фаррух Зокиров ва Жамшид Зокиров унинг тоғалари.
1995 йилда эса Наргиз Зокирова ота-онаси билан биргаликда АҚШга кўчиб кетган. 2013 йилда у Россиянинг “Овоз” (“Голос”) телевизион лойиҳасида иккинчи ўринни эгаллаган.
LiveБарчаси