Ким Чен Иннинг қизи нега бирдан ҳамманинг эътиборига тушди?
Таҳлил
−
11 Февраль 2023 28453 4 дақиқа
Аввал хабар берганимиздек, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Корея халқ армияси ташкил этилганининг 75 йиллиги муносабати билан ўтказилган ҳарбий парадда ўз қизи билан қатнашган эди. Ундан бир кун олдин Пхеньяндаги ҳарбий казармада ўтказилган зиёфатда ҳам Ким Чен Иннинг қизи иштирок этганди. Хўш, ушбу икки шов-шувли ҳарбий тадбирда қизига ҳамроҳлик қилган Ким Чен Ин бу билан дунёга нима демоқчи?
Бир тарафдан, бу ҳаракатлар Ким оиласининг Шимолий Корея устидан назорати яна бир авлод давомида сақланиб қолишини англатиши мумкин. Бунга ҳеч ким қарши тура олмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун парадда ядровий қуроллар ҳам намойиш этилган.
“Ким муҳим ҳарбий тадбирларда хотини ва қизининг иштирокини таъминлаб, мамлакатдаги ва хориждаги кузатувчиларга унинг оилавий сулоласи ҳамда Шимолий Корея армиясини ўзаро боғлиқлигини кўрсатишни хоҳлайди”, дейди Сеулдаги Эвҳа университети профессори Леиф-Эрик Эсли.
Кимлар ўзи кимлар?
Шимолий Кореяда Кимлар оиласининг ҳукмронлиги 1948 йилдан – Иккинчи Жаҳон урушидан кейин Ким Ир Сен ҳокимият тепасига келганидан бери давом этиб келмоқда. 1994 йилда Ким Ир Сен вафот этганида, унинг ўғли Ким Чен Ир бошқарувни қўлга олган. 2011 йилнинг декабрида Ким Чен Ир вафот этганда эса унинг ўғли Ким Чен Ин ҳокимиятга келган.

Ғарб кузатувчилари Ким Чен Иннинг учта фарзанди борлигини, ҳозирда бутун дунё ОАВларининг эътиборига тушаётган тахминан 9 ёшлардаги Чжу Э унинг ўртанча фарзанди эканини тахмин қилишади. Аммо буни Шимолий Кореядан ташқарида ҳеч ким тасдиқлай олмайди. Шимолий Корея матбуоти эса ушбу ҳафтада содир бўлган ҳарбий воқеалар ҳақидаги хабарларида Чжу Эни Корея етакчисининг “ҳурматли” ва “севимли” фарзанди сифатида тасвирлаган.
Ворис учун бироз эрта эмасми?
Жанубий Кореядаги Сежонг институтининг катта таҳлилчиси Чеонг Сеонг-Чангнинг айтишича, Кимлар сулоласининг ўз ворисини эрта ёшдан аниқлаши ҳайратланарли ҳолат эмас. Чунки Ким Чен Иннинг отаси ҳам у билан худди шундай қилган.
“Маълумки, Ким Чен Ин 8 ёшга тўлган кунида “Оёқ излари” номли қўшиқни ижро этган. У қўшиқ айтаётганда отаси Ким Чен Ир ўғлини мақташ учун ўз ёрдамчиларига Ким Чен Ин унинг вориси бўлишини айтган. Бироқ ўшанда ташқи дунё бундан бехабар бўлган. Шунинг учун ҳам узоқ вақт давомида Ким Чен Ирнинг биринчи ўғли Ким Чен Нам ёки иккинчи ўғли Ким Чен Чол ворис бўлиши ҳақидаги миш-мишлар ва тахминлар тарқалганди”, дейди Чеонг Сеонг-Чанг.
Кимнинг қизи қачон эътибор марказига тушди?
Чжу Э Кимнинг вориси бўлиши ҳақидаги тахминлар ўтган йилнинг ноябрь ойида пайдо бўлди. Ўшанда давлат оммавий ахборот воситаларида Чжу Э ва Ким Чен Ин баллистик ракета синовларидан олдин уларни кўздан кечираётгани тасвирланган суратлар эълон қилинганди.

Шу пайтда ҳам давлат матбуоти Чжу Эни етакчининг “энг суюкли” фарзанди деб таърифлаганди. 2022 йил охирида яна унинг сурати матбуотда тарқалди. Бу сафар ҳам у отаси билан ракета заводига ташриф буюрган эди.
Мерос иши
Таҳлилчиларнинг фикрича, қизнинг сўнгги воқеаларда кўриниш бериши у отасининг ўрнини эгаллашга тайёрланаётганини билдиради. Қиз кейинги етакчига айланиши учун унга ҳарбийларнинг қўллови керак бўлади.

Ёшлигиданоқ ҳарбий тадбирларда асосий фигура сифатида иштирок этиш эса вақт ўтиши билан унинг ҳарбийлар орасидаги обрўсини ошириши тайин.
Ёки ҳаммаси шунчаки пиарми?
Баъзи таҳлилчилар эса бошқача фикрда. Чжу Энинг сўнгги чиқишлари ўтган йилги рекорд даражадаги ракета синовларидан кузатувчилар чарчаган бир пайтда, дунё эътиборини яна Пхеньян армиясига қаратишнинг бир усули бўлиши мумкин.
“Менимча, шимолий кореяликлар ё қоқилиб кетишди ёки бу халқаро эътиборни жалб қилишнинг бир йўли эканлигини англаб етди. Уларнинг етмиш йиллик тарихи давомида уларнинг ворислари биз учун доим сир бўлиб келган. Нега энди улар иш тартибини ўзгартирадилар? Гаров ўйнашим мумкинки, у меросхўр эмас”, дейди жанубий кореялик истеъфодаги генерал Чун Ин-Бум.
Унда ракеталар ҳақида нима дейиш мумкин?
Чжу Э ҳақида ҳали кўп баҳс-мунозаралар мавжуд бўлса-да, бир нарса аниқки, у отасининг оиласини ҳокимиятда ушлаб туриш учун етарли даражада ҳарбий кучга эга бўлишни хоҳлаётганига шубҳа йўқ.

8 февраль куни камида 11 та “Хvason-17” қитъалараро баллистик ракеталарининг намойиш этилиши Шимолий Корея ҳарбийлари Кимнинг 2022 йил охирида ўз мамлакатининг ядровий арсеналини кўпайтириш ҳақидаги чақириғига жавоб бўлганини кўриш мумкин. Халқаро Тинчлик учун Карнеги жамғармасининг ядро сиёсати бўйича эксперти Анкит Панда ижтимоий тармоқларда агар бу ракеталарнинг ҳар бири бир нечта ядро каллаклари билан жиҳозланган бўлса, улар АҚШнинг баллистик ракеталарга қарши мудофаа тизимини енгиб ўтиш учун етарли ҳажмга эга бўлиши мумкинлигини айтган.
Алибек Бейжанов
Live
Барчаси