Ким Чен Ин қизи билан яна бир ракета синовини кузатди (видео)
Олам
−
11 Март 2577 1 дақиқа
Бугун, 11 март куни Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин қизи Ким Жчу Э билан бирга стратегик қанотли ракета синовини кузатди. Бу ҳақда Корея Марказий ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, ракета синови “Чоэ Ҳён” бортида амалга оширилган. Синов вақтида кетма-кет бир нечта круиз ракеталари учирилиб, улар олдиндан белгиланган траектория бўйлаб тахминан 2 соат 48 дақиқа парвоз қилиб, белгиланган нишонларга аниқ зарба берган.
Пхеньян расмийлари бу синов нафақат техник имкониятларни текшириш, балки мамлакатнинг ядровий салоҳияти ва қатъиятини намойиш этиш мақсадида ўтказилганини таъкидлаган.
Ракета синови жорий йилнинг 9 март куни АҚШ ва Жанубий Корея томонидан ўтказилаётган “Озодлик қалқони” ҳарбий машқлари бошланиши билан бир вақтга тўғри келган.
Маълумот учун, Ким Чен Иннинг қизи Ким Жчу Э 2022 йилда илк бор давлат ОАВларида пайдо бўлганидан бери отасига ҳарбий парадлар ва ракета синовлари каби муҳим тадбирларда ҳамроҳлик қилиб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ким Чен Ин Жанубий Кореяни бутунлай йўқ қилиш билан таҳдид қилганди.