ХВЖ Украинага қариб $700 млн кредит ажратди
Олам
−
21 июл 1297 2 дақиқа
Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Украинага кенгайтирилган кредитлаш механизми доирасида 690 миллион АҚШ доллари миқдоридаги навбатдаги кредит пакетини тасдиқлади. Бу ҳақда жамғарма матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, маблағ Украина учун мўлжалланган 8,1 миллиард АҚШ долларилик тўрт йиллик Кенгайтирилган молиялаштириш дастури доирасида ажратилмоқда. ХВЖ Ижроия кенгаши 48 ойлик дастур бўйича биринчи кўриб чиқиш жараёнини якунлагач, 690 миллион АҚШ долларилик навбатдаги маблағни зудлик билан ажратишга рухсат берган. Шу тариқа, мазкур дастур доирасида Украинага ажратилган маблағларнинг умумий ҳажми 2,2 миллиард АҚШ долларига етган.
ХВЖ баёнотига кўра, Украина март ойи охирига қадар белгиланган барча асосий миқдорий кўрсаткичларни бажарган. Бироқ айрим таркибий ислоҳотларни амалга ошириш жараёни кечиккан.
Жамғарма маълумотига кўра, дастур доирасидаги мажбуриятлар давлат молияси, давлат бошқаруви, коррупцияга қарши кураш, энергетика ва молия соҳаларидаги ислоҳотларни қамраб олади.
Маълумотларга кўра, навбатдаги ажратилган пул Украина дастурдаги муҳим шартлардан бирини ўз вақтида бажармаганига қарамай тасдиқланган. Хусусан, Киев 45 евродан қиммат халқаро посилкалар учун божхона ва ҚҚС имтиёзларини бекор қилиш ҳақидаги қонунни белгиланган муддатда қабул қила олмаган. ХВЖ ушбу талабни июль ойига қолдирган. Шунингдек, Украина чет элдан келадиган айрим посилкалар учун амалдаги солиқ имтиёзларини бекор қилиш ва компанияларнинг солиқлардан бўйин товлашига қарши чораларни кучайтириш мажбуриятини олган.
ХВЖ бошқарувчи директори Кристалина Георгиева Украина Россия билан давом этаётган уруш шароитида ҳам иқтисодий ва молиявий барқарорликни сақлаб қолаётганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, халқаро ҳамкорларнинг кўмаги ва ҳукумат юритаётган сиёсат мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватлашда муҳим роль ўйнамоқда.
Маълумот учун, Украина ҳукумати ва ХВЖ ишчи гуруҳи мазкур транш бўйича келишувга жорий йилнинг 12 июнь куни эришган. Ўшанда ХВЖнинг Украинадаги миссияси раҳбари Гэвин Грей мамлакат барча асосий иқтисодий кўрсаткичларни бажаргани, аммо таркибий ислоҳотлар суръати секинлашганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ НАТО давлатлари 2026 йил якунига қадар Украинага ҳарбий техника етказиб бериш ва ҳарбийларни тайёрлаш учун 70 миллиард АҚШ доллари ажратишга ваъда берган эди.
Live
Барчаси