Хорватияга ишга юборишни ваъда қилганлар ушланди
3-саҳифа
−
14 Август 2025 3084 2 дақиқа
Тошкентда одамларни Хорватияга ишга юборишни ваъда қилиб, улардан пул олган шахслар қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Бухоро шаҳрида яшовчи 1997 йилда туғилган, муқаддам фирибгарлик жиноятини содир қилган шахс Тошкент шаҳри, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида истиқомат қилувчи 3 нафар фуқарога ўзини гўёки сайёҳлик фирмаси вакили сифатида таништириб, уларнинг ишончига кирган. Сўнгра Хорватия давлатида танишлари борлигини айтиб, уларни ишчи виза асосида ушбу мамлакатга ишга юбориш эвазига 6000 АҚШ доллари талаб қилган.
ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида Яккасарой туманида ўтказилган тезкор тадбирда у сўралган пул маблағидан 3000 АҚШ долларини олдиндан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Бу каби ҳолат Наманган вилоятида ҳам қайд этилган. Хусусан, Наманган шаҳрида яшовчи, 1999 йилда туғилган шахс алдов йўли билан 3 нафар ҳамшаҳарининг ишончига кирган. Мазкур шахс ҳозирда Хорватия давлатида ишловчи акасининг кўмагида уларни ушбу мамлакатга ишлаш учун юбориш эвазига ҳар биридан 2600 АҚШ доллари, жами 7800 АҚШ доллари талаб қилган.
Аммо у Янги Наманган туманида ушбу пул маблағидан 3900 АҚШ долларини олган вақтида ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан қўлга олинган.
Билдирилишича, ҳозирда иккала қонунбузарга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 2-қисми “а” банди билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри Юнусобод туманида 9 кишини Германияга ишга юборишни ваъда қилган шахслар ушланганди. Мазкур шахслар улардан жами 12 500 доллар ва 73,2 млн сўм пулларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Live
Барчаси