Хоразмда коммунал хўжалиги мансабдори $1000 пора билан ушланди
3-саҳифа
−
12:57 1050 1 дақиқа
Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бошлиғи фуқаронинг нотурар биносини турар жой тоифасига ўтказиб беришни ваъда қилиб, 1 000 АҚШ доллари талаб қилган ва пулнинг бир қисмини олган вақтида ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, тезкор тадбир Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган.
Терговга қадар аниқланган ҳолатга кўра, бўлим бошлиғи Р. А. фуқаро Ж. П. га унинг нотурар биносини турар жой сифатида расмийлаштириб беришини айтган. Бу ишни вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармасида ишлайдиган танишлари орқали ҳал қилиб беришини ваъда қилган.
Бунинг эвазига у 1 000 АҚШ доллари сўраган. Р. А. келишилган маблағ ҳисобидан 700 АҚШ доллари ва 3,6 млн сўмни олган пайтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Р. А. га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятида “Энергосавдо” муҳандиси 20 млн сўмлик жаримани ёпиб бериш эвазига фуқародан 500 АҚШ доллари олган вақтида ушлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси