Хоразмда илк пуллик автомобиль йўли қурилиши бошланди
Жамият
−
24 Февраль 3735 1 дақиқа
Хоразм вилоятида Урганч – Хива йўналишида минтақадаги илк пуллик автомобиль йўли барпо этилиши бошланди. Лойиҳа қиймати 120 миллион долларни ташкил этади. Бу ҳақда кеча, 23 февраль куни “Ўзбекистон 24” телеканалида хабар берилди.
Қайд этилишича, янги автомобиль йўли халқаро стандартлар асосида қурилмоқда. Тўрт тасмали трассанинг узунлиги 35 километр бўлиб, асфальтбетон қоплама билан жиҳозланади. Унинг бир суткалик ўтказувчанлик қуввати 20 мингдан ортиқ транспорт воситаларига мўлжалланган.
Лойиҳа доирасида 17 та кўприк, 8 та йўл ўтказгич, 1 та туннель ва 5 та махсус ўтиш йўлаги барпо этилади. Шунингдек, йўл бошида, ўртасида ва охирида терминал ҳамда иккита сервис пункти қурилиши режалаштирилган.
Мутахассислар таъкидлашича, йўл қатламининг умумий қалинлиги 87 сантиметрни ташкил этади. Транспорт оқимини бошқариш сунъий интеллектга асосланган рақамли тизимлар орқали амалга оширилади. Ушбу тизимлар юк машиналари, автобуслар, енгил автомобиллар ва бошқа транспорт воситаларини автоматик аниқлай олади.
Ҳозирги мавжуд йўл 34 километр бўлиб, унда ҳаракатланиш вақти қарийб бир соатни ташкил қилади. Янги пулли автомобиль йўли фойдаланишга топширилгач, Урганчдан Хивагача бўлган масофани 17 дақиқада босиб ўтиш мумкин бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилояти Боғдод туманида таъмирланганига олти ой бўлган автомобиль йўли машиналар ўтаётганда ўпирилиб кетганди.
Live
Барчаси