Хоразм ва Бухорода кучли қўм бўронлари кузатилди
Жамият
−
14 Апрель 2023
6340Бугун, 14 апрель куни Хоразм ва Бухоро вилоятларининг қатор ҳудудларида кучли шамол ва қўм бўронлари кузатилди. Бу ҳақда Ўзгидромет етакчи мутахассиси, иқлимшунос олим Эркин Абдулаҳадов хабар берди.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Хоразм ҳудудий филиали матбуот хизмати хабарига кўра, Хоразм вилоятининг Урганч шаҳри ва туманларида кузатилган ноқулай об-ҳаво оқибатида айрим ҳудудларда электр энергиясида узилишлар содир бўлмоқда.
“Айни вақтда юзага келган электр энергиясидаги узилишларни бартараф этиш учун "Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Хоразм ҳудудий филиали томонидан барча тезкор чиқиш бригадалари жалб қилинган, бундай ҳолатда бизни тўғри тушунасиз деган умиддамиз. Юзага келган ноқулайлик учун сиздан узр сўраймиз”, дейилади хабарда.
Ўзгидромет етакчи мутахассиси Эркин Абдулаҳадовга кўра, Хоразм вилоятининг “Питнак” геолокация ҳудудидаги ҳавонинг ифлосланиш даражаси соат 03:00 да “сариқ” даражани қайд этиб, соат 01:00 да эса, инсон саломатлиги учун “қизил” даража хавфи мавжуд бўлган.
Шунингдек, айни пайтда Бухоро вилоятининг Олот туманида ҳам кучли чанг бўронлари кузатилмоқда. Кўриниш масофаси 500 метрдан қисқа бўлган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13-14 апрель кунлари Ўзбекистонда жазирама иссиқ бўлиши ва ҳудудларда кучли шамол эсиб, чанг-тўзонлар кўтарилиши маълум қилинган эди.
LiveБарчаси