Хонандаларнинг шўрига шўрва тўкиладими? “Ўзбекконцерт” Сенатдан тўйлар ҳақидаги қарорни ўзгартиришни сўраяпти

Жамият

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенатининг қабул қилган қўшма қарорига кўра, энди тўйларга икки нафардан ортиқ хонандани таклиф қилиш мумкин эмас. 

Албатта, қарор асосида қабул қилинган Низомнинг ушбу банди айни вақтда кўплаб саволларни келтириб чиқармоқда. Кеча, 20 сентябрь куни Сенатда ўтган йиғилишда мазкур масала ҳам муҳокама қилинди. 

Унда “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директори Одилжон Абдуқаҳҳоров сўз олиб, айрим ҳаётий мисолларни келтирди. 

Айтайлик, санъаткорларнинг даромади тўйдан. Бунинг ортидан улар лицензия олади. Машҳурлик даражаси, тўй хизматларида иштирок этиш нархига қараб лицензия баҳоси белгиланган. Қолаверса, маълум миқдорда солиқ тўлайди. Шунингдек, атрофида камида 5-10 кишини иш билан таъминлайди. Бу эса ўз ўзидан аҳоли бандлиги ва давлатга яна бир солиқ тўловчи дегани. Агар қарор кучга кириб, ўйларда икки нафардан ортиқ хонанданинг иштироки чекланса, табиийки уларнинг даромадига таъсир қилади. Оқибатда иш билан таъминлаш даражаси тушади, қолаверса, давлатга тўланаётган солиқ ҳам камаяди. Оқибатда лицензия нархи ҳам тушишига сабаб бўлади.

“Амалиётда шундайки, продюсерлик марказларида ижодий гуруҳ сифатида бир вақтнинг ўзида уч-тўртта хонанда фаолият юритади. Агар тўй эгаси шу продюсерлик марказига келиб, гуруҳ билан шартнома тузса, демак тўйда ўша тўртта санъаткор иштирок этадими? Масалан, бир продюсерлик маркази фаолиятида олиб қарайдиган бўлсак, хонандалар Шаҳзода, Нилуфар Усмонова, Шоҳруҳхон битта гуруҳ сифатида фаолият олиб боради. Уларнинг лицензияси ҳам битта”, деб мурожаат қилди “Ўзбекконцерт” ДМ директори Одилжон Абдуқаҳҳоров мажлис қатнашувчиларига. 

Мазкур саволга сенатор Иқбол Мирзо қуйидагича жавоб берди:

“Агар улар саҳнага бир вақтда чиқиб, битта қўшиқни айтса, демак мумкин. Алоҳида чиқса, мумкин эмас”.

Масалага давлат солиқ қўмитаси раиси Мубин Мирзаев аралашди. У жиддий оҳангда қуйидагиларни гапирди: 

“Тартибда аниқ-равшан ёзилган, яъни тўйнинг эгаси ресторан билан ҳам, санъаткор билан ҳам шартнома тузади. Шартномада пули, хизмат тури кўрсатилади ва шартнома ким билан тузилган бўлса, ўша одам хизмат кўрсатиши керак. Солиқ органларига керакли жиҳати шундаки,  ҳақиқатан ҳам бугунги кунда хонандаларни солиққа тортишда жуда катта муаммолар бор эди. Бу қарор  тўйхоналар ва шу билан боғлиқ бўлган маросимларнинг ҳисоб-китобини жойига қўйиб, тушумларини ўрганиш ва солиққа тортишда тартибга солувчи ҳужжат бўлди. Бундан келиб чиқиб биз ўзимизнинг тартибларимизни ишлаб чиқамиз. Масалан, қандай шартнома қилинади, қандай қилиб солиқ тўлади деган саволлар аниқлаштириб олинади. Шунинг учун бу солиқ органлари учун жуда керакли ҳужжат бўлди”.

Абдуқаҳҳаров яна сўз олиб, Мубин Мирзаевдан саволига жавоб ололмаганини айтди. Ҳақиқатан ҳам ушбу савол мажлис қатнашчиларини ўйлантириб қўйди. 

Комиссия аъзоларининг қайд этишича, гуруҳ бўладими ёки алоҳида санъаьткор, бир киши билан шартнома тузилади ва санъаткор киши бошига ҳисоб қилинади. Бўлмаса, санъаткорлар бошқа найрангларни ўйлаб топади. Низомда қайд этилганидек, оилавий тадбирларда икки нафардан ортиқ хонанда (гуруҳ)нинг хизмат кўрсатишига йўл қўйилмайди. 

Абдуқаҳҳаров яна сўзида давом этаркан, Низомга ўзгартириш киритиш таклифини ўртага ташлади. Мажлис иштирокчиларининг фикрича, агар қарорга яна ўзгартириш киритилса, тўйларда тартиб қолмайди. 

“Шоу-бизнес вакилларини биламиз, улар эртага 50 та санъаткор билан бўлиб, битта гуруҳ тузиб ҳам тўйларга келиши мумкин. Шунинг учун қарордаги “икки нафардан ортиқ хонанда” деган сўзга эътибор берайлик. Ҳали лицензия шартлари ва талаблари масаласини ҳам қайта кўриб чиқамиз. Агар оилавий тадбирларда иштирок бандини бузса, лицензияни бекор қилиш масаласини кўриб чиқамиз. Ҳозир бунга изоҳ талаб қилмай, ижросини назорат қилиш керак. Буни Адлия вазирлигининг жавоби сифатида қабул қилинг”, дейди Адлия вазири ўринбосари Худаёр Мелиев.

Мажлисда қайд этилишича, продюсерлик марказлари билан шартнома тузилганда ҳам, оилавий маросимлардаги хонандалар икки нафардан ошмаслиги керак. “Бу масала қатъий, бошқача йўлни қидирмаган маъқул”, дейди Мелиев. 


Мақола муаллифи

Теглар

Одилжон Абдуқаҳҳоров Тўй

Баҳолаганлар

766

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг