“Дунё садолари”да президент номидан ўқитувчиларга уй совға қилинди
Маданият-санъат
−
16 Август 2025 7682 2 дақиқа
Азим тоғлар бағрида жойлашган, ҳар нафаси шифобахш, юракларга илиқлик бахш этувчи гўзал Хонобод шаҳрида 3-анъанавий “Дунё садолари” халқаро миллий эстрада фестивали бошланди.
Бу шаҳар нафақат бетакрор Андижоннинг, балки бутун Фарғона водийсининг туристик марказига айланиши йўлида муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда. Ҳар йили ўтказилаётган мазкур фестиваль бу гал ҳам санъат, маданият ва дўстликнинг чинакам байрамига айланди.
Фестиваль хайрли иш билан бошланди. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, “Устозлар форуми” доирасида янги ўқув йилини бошлаётган болажонлар учун мўлжалланган ўқув қуроллари, компьютер ва ноутбуклар юкланган таълим карвони йўлга чиқарилди.
Шунингдек, Андижон вилоятининг чекка ҳудудларидаги мактабларда фаолият юритиб, ўқувчилари юқори натижаларга эришган икки нафар ўқитувчига Андижон шаҳар марказидан икки хонали уй калитлари топширилди.
Фестиваль очилишида сўзга чиққан Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов “Дунё садолари” фестивали – бугунги нотинч дунёда тинч ва осойишта ҳаёт кечираётган Андижон халқи учун катта байрам ва фахрли ҳодиса эканини таъкидлади.
Фестивалнинг биринчи куни соат 19:00 да 80-йилларнинг машҳур жамоаси – “Arabesque” гуруҳининг чиқиши билан бошланди. Саҳнага итальян эстрада юлдузи Ин-Грид таклиф этилгач, томошабинларнинг кайфияти янада ошди. Санъаткор саҳнадан тушиб, мухлислари билан бевосита мулоқот қилди.
Кейин эса саҳнага ҳинд ретро мусиқасининг афсонаси – Алиша Чинай чиқди. У “Made in India” ва “Jimmy Jimmy” каби тароналарни мухлислар билан бирга бир неча бор куйлади.
Тадбирнинг энг чўққи нуқтаси эса ўзбек эстрадасининг севимли хонандаси Муниса Ризаеванинг чиқиши бўлди. У фестиваль меҳмонларининг илтимосига биноан 10 га яқин қўшиқни томошабинлар билан бирга куйлади. Айниқса, “Ёмғир” таронаси ижро этилгач, ажойиб воқеа содир бўлди – Хонободда ёмғир ёға бошлади.
Тўрт соатдан ортиқ давом этган байрам дастури тунги осмонни ёритган мушакбозлик билан якунланди.
Эътибор беринг: бу энди оддий фестиваль эмас. Бу санъат, дўстлик ва маданият байрами. Бу Хонободнинг “шу ерга бир бориб кўриш керак экан!” деган нуқтага айланиши.
Ва бу нафақат андижонликларнинг, балки бутун республика аҳли, ҳатто чет давлатлардан келган меҳмонларнинг ҳам фестивалидир.
Яна икки кун давом этадиган “Дунё садолари” фестивали сизни унутилмас лаҳзалар билан кутмоқда! Тадбирни QALAMPIR.UZ билан кузатишда давом этинг.
Live
Барчаси