Хитойликлар сув остида сузувчи ва ҳавода учувчи илк дронни ихтиро қилди
Технология
−
22 Январь
3207Хитойлик олимлар сувости кемасидан учириладиган, ҳам сув остида ҳаракатланадиган, ҳам ҳавода учадиган дунёдаги биринчи дронни ишлаб чиқди. Бу ҳақда “South China Morning Post” нашри хабар берди.
“Букланувчи қанотнинг ноёб дизайни туфайли дрон парвоз вақтида сув ва ҳаво ўртасида бир неча марта ҳаракатлана олади, бу эса унинг омон қолиш имкониятларини сезиларли даражада яхшилайди”, дейилади хабарда.
Ускуна учиш учун фойдаланадиган парракларини сув остида 5 сонияда йиғиб, камуфляжга яқин жойлаштиради. Бу сувда қаршиликни сезиларли даражада камайтиради. Сув остида ҳаракатланиш учун махсус сув парраклари ўрнатилган.
Дрон Шимоли-ғарбий политехника университети (NWPU) ва Хитой Аэродинамик тадқиқот ва ишланмалар маркази (CARDC) томонидан ишлаб чиқилган. У сувости кемасидан учирилади ва топшириқни бажариб бўлгач, яна ўша кемага қайтади. Сувда ишлаш қобилияти ва ҳаводаги юқори манёврлиги туфайли бу дрон разведка ва зарбалар беришда фойдаланилиши мумкин. Қайд этилишича, мавжуд мудофаа технологиялари бундай қуролни тўхтатишга қодир эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ хитойлик олимлар келажакда ҳарбий можаролар характерига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган юқори аниқликдаги кўчма атом соатини ишлаб чиққан эди. Мазкур соатлар жанговар ҳудудларга олиб борилиши ва замонавий уруш усулларини тубдан ўзгартириши кутилмоқда. Юқори аниқликдаги вақтни ўлчаш тизими радарларнинг синхрон ишлашига имкон беради, улар эса кўринмас самолётларни аниқлаш ва кузатишда ёрдам беради. Бундай соатлар, шунингдек, радиоэлектрон кураш (РЭК) сигналларининг сифатини яхшилашга ва катта ҳажмдаги маълумотларни узатишни осонлаштиришга ёрдам беради.