Хитойга келин бўлган ўнлаб ўзбек қизлари зулмга учрамоқда
Жамият
−
11 Апрель 2019
8743Хитойда яшаётган ва эркинлиги турмуш ўртоғи томонидан чекланаётганини эълон қилган Ўзбекистон фуқароси Шодиёна Давлатова тўғрисида ОАВда пайдо бўлган материаллар юзасидан ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти расмий баёнот билан чиқди. Унда қайд этилишича, мазкур вазият Ўзбекистоннинг Пекин шаҳридаги элчихонаси консуллик бўлими томонидан назоратга олинган.
“Ушбу ҳамюртимиз ўтган йили апрель ойида Андижон шаҳрида Хитой фуқароси билан қонуний никоҳдан ўтган ҳамда доимий яшаш учун ХХРга учиб кетган. Тез орада ички оилавий низолар туфайли элчихона кўмагида ватанга қайтган. Лекин кейинроқ ўз хоҳишига кўра, яна турмуш ўртоғининг ёнига жўнаб кетган. 31 март куни Шодиёна Давлатова элчихонага қайта мурожаат қилган ва яшаш шароитлари, қолаверса, турмуш ўртоғи томонидан зулм қилинаётгани тўғрисида шикоят қилган ҳамда Ўзбекистонга қайтиш истагини маълум қилган”, дейилади ТИВ ахборотида.
Оилавий келишмовчиликлар ва турмуш ўртоғи томонидан берилган ваъдаларнинг бажарилмаслиги туфайли шундай илтимос билан Ўзбекистон фуқароси М.Т. ҳам элчихонага мурожаат қилган. М.Т. воситачи фирма орқали хорижлик билан танишган ва ўтган йилнинг декабрь ойида никоҳни расмийлаштириб Хитойга кетган.
Шу муносабат билан элчихона Хитойнинг тегишли ҳукумат органлари билан биргаликда мазкур фуқароларнинг Тошкентга қайтишига ёрдам бериш бўйича тегишли чораларни кўрмоқда.
Ўзбекистоннинг Пекин шаҳридаги элчихонаси маълумотларига кўра, айни пайтда Хитой Халқ Республикасида худди шундай ҳолатга тушган ўнлаб ўзбекистонлик фуқаролар мавжуд. Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхонаси томонидан уларнинг шахсини аниқлаш ва консуллик ёрдами кўрсатиш бўйича тегишли ишлар ташкиллаштирилган.
LiveБарчаси