Хитойда тайфун сабаб 2,6 млн киши эвакуация қилинди
Олам
−
13 июл 849 3 дақиқа
Хитойнинг шарқий қисмига ёпирилган “Бави” тайфуни ортидан ҳукумат кенг кўламли эвакуация ва табиий офатларга қарши чораларни кучайтирди. Чжэцзян провинциясида 2,68 миллион киши хавфсиз ҳудудларга кўчирилди, 19 мингдан ортиқ вақтинчалик бошпана очилди. Бу ҳақда “Синьхуа” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, йилнинг тўққизинчи тайфуни ҳисобланган “Бави” жорий йил 11 июль куни кечқурун Чжэцзян провинцияси соҳилларига икки марта урилган. Тайфун марказида шамол тезлиги сониясига 40 метрга етган. Ҳозирда у мамлакат ичкарисига силжиб, аста-секин кучсизланаётгани айтилмоқда.
Сўнгги 24 соат ичида вилоятнинг қарийб 42 фоиз ҳудудида 50 миллиметрдан ортиқ ёғингарчилик кузатилган. Мутасаддилар кучли ёмғирлар сабаб сув тошқинлари, кўчкилар ва шаҳарларни сув босиши хавфи юқорилигидан огоҳлантирган.
Маҳаллий ҳокимият тайфун қуруқликка чиқишидан аввал мактаб ва ўқув муассасаларида дарсларни тўхтатган, 830 та қурилиш майдончаси, 400 дан ортиқ сайёҳлик маскани ҳамда 200 дан зиёд кўнгилочар объект фаолиятини вақтинча чеклаган.
Хитой Миллий тараққиёт ва ислоҳотлар комиссияси Чжэцзян провинциясида тайфундан кейинги тиклаш ишлари учун 100 миллион юань (тахминан 14,71 миллион АҚШ доллари) ажратган. Маблағлар йўллар, гидротехник иншоотлар, мактаблар, шифохоналар ва бошқа давлат инфратузилмасини тиклашга йўналтирилади. Шунингдек, аввалроқ кучли ёғингарчиликдан зарар кўрган Гуанси-Чжуан автоном районига ҳам қўшимча 100 миллион юань ажратилган.
Синоптиклар 15 июлгача Чжэцзян, Анхуй, Сзянси, Ляонин ва Цзилинь провинцияларининг айрим ҳудудларида кучли ёмғирлар давом этишини прогноз қилмоқда. Шу муносабат билан Анхуй провинциясидаги сув омборларида сув чиқариш ишлари бошланган, Шэньян шаҳрида эса мактаблар, болалар боғчалари, қурилиш майдонлари ва айрим жамоат масканлари вақтинча ёпилган.
Хитой Фавқулодда вазиятларни бошқариш вазирлиги Чжэцзян, Тянсзин ва Анхуй ҳудудларига 70 минг дона гуманитар ёрдам воситалари, жумладан, букланадиган каравотлар, адёллар, ёзги чойшаблар ва фавқулодда вазиятлар тўпламларини юборган. Мамлакатда сув тошқинлари бўйича сариқ даражадаги огоҳлантириш ҳамда табиий офатларга жавоб беришнинг IV даражали фавқулодда режими амалда қолмоқда.
Айни пайтда тайфун зарбалари кузатилган ҳудудларда оқибатларни бартараф этиш ишлари давом этмоқда. Чжэцзян ва Сзянсу провинцияларида махсус хизматлар қулаган дарахтлар, йўл белгилари ҳамда кучли шамол вайрон қилган конструкцияларни олиб ташламоқда. Кўчки сабаб ёпилиб қолган йўллар эса оғир техникалар ёрдамида тозаланмоқда.
Юэқинг шаҳридаги вақтинчалик бошпаналардан бирида 500 нафардан ортиқ киши, асосан фаолияти тўхтатилган қурилиш майдонларида ишлаган ишчилар жойлаштирилган. Масъулларнинг айтишича, кучли шамолга тайёргарлик доирасида бошпана биносининг эшик ва деразалари қўшимча мустаҳкамланган, шиша эшиклар ташқи томондан ёғоч тахталар билан ёпилган, кириш қисмларига эса қум қоплари жойлаштирилган.
Шу билан бирга, Сзянсу провинциясида сув тошқинлари хавфи сабаб шлюзлар ва бошқа гидротехник иншоотлар фаолияти кучайтирилган назорат остига олинган. Маҳаллий ҳокимият тайфун оқибатларини бартараф этиш, инфратузилмани тиклаш ва ҳудудларда нормал ҳаётни имкон қадар тезроқ тиклаш ишларини давом эттирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Бави” тайфуни Тайван, Хитой ва Япониянинг айрим ҳудудларида кучли шамол ва жала ёғингарчиликларни келтириб чиқаргани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси