Хитойда “Доксури” тўфони оқибатида 724 мингдан ортиқ одам жабрланди (фото+видео)
Олам
−
29 Июль 2023
5062Хитойга ёпирилган “Доксури” тўфони оқибатида 724,6 минг одам жабрланди. Бу ҳақда “Циньхуа” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, тўфон Хитойнинг жануби-шарқий қирғоқлари ва Тайванга кеча, 28 июль куни етиб борган. Филиппинда эса табиий офат оқибатида 39 киши ҳалок бўлган.
Хитойнинг денгиз бўйида жойлашган Фуцзянь провинциясида тўфон кеча маҳаллий вақт билан соат 10:00 да бошланган. Қирғоқ ҳудудларида шамол тезлиги соатига 175 километргача етган. Хитой давлат ахборот агентлиги маълумотига кўра, вилоятда 724,6 минг киши тўфондан жабрланган, 416 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинган.
Хитой бўйлаб Сяминь, Гуанчжоу ва Чжанчжоу каби бир нечта қирғоқбўйи шаҳарларда кеча тушдан сўнг корхона, фабрика ва мактаблар вақтинча ёпилган. Кучли шамол сабаб Сяминь шаҳрининг айрим қисмларида электр таъминотида узилишлар кузатилган.
“Доксури” тўфони мамлакатда 52,27 миллион юань (7,3 миллион доллар) миқдоридаги тўғридан-тўғри иқтисодий йўқотишларга олиб келгани тахмин қилинмоқда.
Тўфон Тайванда ҳам бир қатор талафотларни келтириб чиқарган. Оролда табиий офат оқибатида камида бир киши ҳалок бўлган, 68 киши жароҳат олган. Шиддатли ёмғир ва кучли шамол сабаб 278 мингдан ортиқ уй зарар кўрган.
Фуқаролик аэронавтика бошқармаси маълумотларига кўра, кеча Тайванда 200 дан ортиқ ички ва халқаро авиарейслар кечиктирилган ёки бекор қилинган.
Филиппинда эса тўфондан энг кўп зарарни Лусон ороли кўрган. Мамлакат пойтахти Маниланинг жануби-шарқидаги Талим ороли соҳилларида қайиқ ағдарилиб кетиши оқибатида 26 киши ҳалок бўлган. Филиппиннинг қолган қисмларида яна 13 киши табиий офат қурбонига айланган. Бўронлар бешта ҳудудда сув тошқинларини келтириб чиқариб, ўндан ортиқ кўчкилар қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, Филиппинда ўтган йилнинг октябрь ойида ҳам кучли тўфон кузатилган эди. Ўшанда 150 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.
LiveБарчаси