Хитойда давлат пулини ўзлаштирган амалдор қатл этилди

Олам

image

Хитойнинг Хух-Хото шаҳридаги иқтисодий ва технологик ривожланиш зонасида Коммунистик партиянинг ишчи қўмитаси собиқ котиби Ли Цзяньпин коррупция жиноятлари учун қатл этилди. Бу ҳақда Хитой Марказий телевидениеси хабар берди. 

“Олий суднинг қарорига биноан, 2024 йил 17 декабрь куни эрталаб Ички Мўғулистон мухтор ҳудудининг Хинган округидаги ўрта халқ суди Ли Цзяньпинни қонуний тартибда қатл этди”, дейилади хабарда. 

Қайд этилишича, Ли Цзяньпин турли лавозимларда ишлаган вақтида давлат маблағларидан 1,43 миллиард юандан ортиқ (199 миллион доллардан кўпроқ) маблағни ноқонуний равишда ўзлаштирган. Шунингдек, у бошқа шахслардан 577 миллион юандан ортиқ (80 миллион доллардан кўпроқ) молиявий ва моддий бойликларни олгани аниқланган. Бундан ташқари, 1,05 миллиард юандан ортиқ (146 миллион доллардан кўпроқ) давлат маблағларини нотўғри мақсадларда ишлатган. 

2022 йилда суд Ли Цзяньпинни ўлим жазосига ҳукм қилган, шундан сўнг у апелляция шикояти билан мурожаат қилган. 2024 йил август ойида апелляция инстанцияси ўлим ҳукмини ўз кучида қолдирган. Маълум қилинишича, қатл этилишидан олдин Ли Цзяньпин яқин қариндошлари билан учрашган. 

Маълумот учун, Хитой раиси Си Цзяньпин аввалроқ коррупцияни Коммунистик партиянинг ҳаётийлиги ва жанговар қобилиятига хавф солувчи асосий хавф сифатида қайд этган. Хитой етакчисининг таъкидлашича, коррупция учун шароит ва имконият мавжуд экан, унга қарши кураш бир лаҳзага ҳам тўхтатилмаслиги керак. У партия коррупцияга ҳеч қачон кўз юммаслигини ва “ноль тоқатлик тамойили”га мувофиқ жазолашни давом эттиришини таъкидлаган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойнинг Хубэй провинциясидаги Сяннин ўрта халқ суди Хитой миллий футбол терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Ли Тени коррупцияда айблаб, 20 йилга озодликдан маҳрум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг