Хитой терма жамоаси собиқ бош мураббийи 20 йилга қамалди

Спорт

image

Футбол бўйича Хитой миллий терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Ли Те 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда “South China Morning Post” нашри хабар берди.

Хитойнинг Хубэй провинциясидаги Сяннин ўрта халқ суди бугун, 13 декабрь куни Хитой миллий футбол терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Ли Тени коррупцияда айблаб, 20 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Суд ҳужжатига кўра, Ли Те бир қанча жиноятларда, жумладан, пора олиш, пора бериш, ташкилотларга пора бериш, давлат хизматида бўлмаган шахслар билан боғлиқ коррупция жиноятларида айбдор деб топилган.

Қайд этилишича, у 2019 йилда футбол бўйича Хитой миллий терма жамоаси бош мураббийлигига сайланиш учун маълум шахслардан ёрдам сўраган. 2020 йилда эса уларга 1 миллион юань (137 минг доллар) атрофида маблағ берган.

Ли Те 2019-2021 йилларда Хитой футбол терма жамоаси бош мураббийи сифатидаги расмий мавқеидан фойдаланиб, тегишли ташкилот ва шахсларга миллий терма жамоага ўйинчиларни танлаш, ўйинларда ғалаба қозониш, клублар билан шартномалар имзолаш каби масалаларда ёрдам берган. Ушбу даврда у 50,89 миллион юандан (деярли 7 миллион доллар) ортиқ пора олган.

Бу сўнгги йилларда Хитойда юқори мартабали спорт амалдорларининг судга тортилиши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. Мамлакатда 2022 йилнинг ноябрь ойидан буён футболдаги коррупцияга қарши кампания олиб борилмоқда. Таҳлилчиларнинг фикрича, бу кампания ҳибсга олиш муддати ва сони бўйича рекорд ўрнатди ҳамда Хитой футболи тарихидаги коррупцияга қарши кураш бўйича энг йирик ҳаракатга айланди.

Хусусан, март ойида икки футбол амалдори порахўрлик айби билан 8 ва 14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Хитой футбол ассоциацияси бош котибининг собиқ ўринбосари Чэнь Юнлян 14 йилга, Хитой Суперлигасининг собиқ бош директори Дун Чжэн эса саккиз йилга озодликдан маҳрум этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дунёдаги энг йирик банклардан бири – Bank of China собиқ бошқаруви раиси ва партия қўмитаси котиби Лю Ляньгэ порахўрликда айбланиб, ўлим жазосига ҳукм қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ли Те

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар