Хитойда 2200 йил олдинги қоятош ёзуви топилди

Олам

image

Хитойнинг ғарбий қисмидаги Цингхай провинциясида милоддан аввалги 221–207 йиллар оралиғида ҳукмронлик қилган Цинь сулоласи даврига оид 2 200 йилдан ҳам қадимийроқ бўлган қоятош ёзуви топилди. Бу ҳақда “Синьхуа” агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, бу ёзув ўша даврдан ҳозиргача ўз асл жойида сақланиб қолган ягона намуна саналади. 

Ёзув ўйиб ёзилган қоятош Голог-Тибет автоном округи ҳудудидаги Гяринг-Цо кўлининг шимолий соҳилида жойлашган. Бу ҳудуд денгиз сатҳидан 4 200 метрдан юқори баландликда жойлашган.

Топилма анча яхши сақланган: матннинг катта қисми, жумладан, ёзилган санаси ҳам аниқ ўқилиши мумкин. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу археологик кашфиёт тарихий ёзувлардаги бўшлиқни тўлдиради ва катта тарихий, бадиий ҳамда илмий аҳамиятга эга.

Маълумот учун, Цинь сулоласи милоддан аввалги 221 йилда ҳукмдор Ин Чжэн томонидан асос солинган бўлиб, у тарихда Цинь Шихуанди номи билан танилган ва Хитой тарихида биринчи бўлиб император унвонини олган шахс ҳисобланади. Цинь Шихуанди Хитойдаги турли майда подшолик ва князликларни бирлаштириб, мамлакат тарихидаги илк марказлашган давлатни барпо этди. Сулола қисқа умр кўрганига қарамай, Хитой тараққиёти учун катта таъсир кўрсатган. Цинь даврида ёзув бир тизимга келтирилди, ўлчов ва вазн бирликлари стандартлаштирилди, ягона пул тизими жорий қилинди ва маъмурий-ҳудудий бўлиниш ташкил қилинди. Шунингдек, катта қурилиш ишлари амалга оширилган, жумладан, Хитой деворининг дастлабки қисмлари айнан шу даврда барпо этилган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Иорданиянинг Мута университети археологлари машҳур Мадаба мозаик харитасида тилга олинган, аммо узоқ вақтдан бери номаълум бўлган Византиянинг йўқолган Тараис шаҳрини топишга муваффақ бўлганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой Цингхай Гяринг-Цо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг