Хитой янги ҳарбий кемани тақдим этди
Олам
−
28 Декабрь 2024
4593Хитой Халқ Республикаси ўз синфидаги биринчи янги ҳарбий кема “Сичуань”ни тақдим этди. Бу ҳақда “Bild” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, бу гигант вертолёт ташувчи кеманинг сиғими 40 000 тонна, узунлиги эса 260 метрни ташкил этади. У нафақат вертолётлар ва дронларни ташиш имкониятига эга , балки самолётлар ва учувчисиз самолётларни учириш учун илғор электромагнит катапульт тизими билан жиҳозланган.
Стратегик тадқиқотлар маркази маълумотларига кўра, кема 1000 дан ортиқ денгиз пиёдаларини ташишга мўлжалланган.
“Ушбу лойиҳа Хитой Халқ Озодлик Армиясининг амфибия уруши соҳасидаги имкониятларини кенгайтиришни кўрсатади”, дейди ҳарбий эксперт Карл Шустер.
Нашрга кўра, Хитой Тайвань атрофида олиб бораётган ҳарбий фаолиятининг кучайиши кузатувчиларни хавотирга солмоқда. Сўнгги йилларда Хитой орол атрофида бир неча машғулотлар ўтказган, шунингдек, унинг ҳаво ҳудудига киришлар сонини оширган.
Ғарб таҳлилчилари “Сичуань” кемасининг яратилишини Тайванга ҳужум қилишга тайёргарлик сифатида кўрмоқда.
“Ушбу кема икки кун олдин намойиш этилган янги хитойлик қирувчи самолётлар билан бирга Пекиннинг оролни эгаллаш режаларини амалга оширишда асосий воситага айланиши мумкин”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Мудофаа вазирлигининг Хитой ҳарбий қудрати тўғрисидаги йиллик ҳисоботида 2030 йилга бориб Хитой 1 мингдан ортиқ ядро каллакларини жойлаштириш имкониятига эга бўлиши қайд этилганди. Пентагон ҳисоб-китобларига кўра, Хитой 2030 йилга бориб 1 мингдан ортиқ оператив жойлаштирилган ядро каллакларига эга бўлади. Уларнинг катта қисми юқори тайёргарлик даражасида бўлади. Хитой 2035 йилгача ядро қудратини кенгайтиришни давом эттиради ва шу вақтга бориб Хитой Халқ озодлик армиясининг модернизациясини “асосий даражада якунлаш” вазифасини бажаришни кўзламоқда. Бу 2049 йилга бориб дунё миқёсида тенгсиз ҳарбий қудратга эга бўлишни мақсад қилган Хитой раиси Си Цзиньпиннинг стратегик режаси доирасидаги муҳим босқичдир.
LiveБарчаси