Хитой 2030 йилга бориб мингдан ортиқ ядро каллакларига эга бўлиши мумкин – Пентагон
Олам
−
18 Декабрь
7472030 йилга бориб Хитой 1 мингдан ортиқ ядро каллакларини жойлаштириш имкониятига эга бўлади. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлигининг Хитой ҳарбий қудрати тўғрисидаги йиллик ҳисоботида келтирилган.
“Пентагон ҳисоб-китобларига кўра, Хитой 2030 йилга бориб 1 мингдан ортиқ оператив жойлаштирилган ядро каллакларига эга бўлади. Уларнинг катта қисми юқори тайёргарлик даражасида бўлади. Хитой 2035 йилгача ядро қудратини кенгайтиришни давом эттиради ва шу вақтга бориб Хитой Халқ озодлик армиясининг модернизациясини “асосий даражада якунлаш” вазифасини бажаришни кўзламоқда. Бу 2049 йилга бориб дунё миқёсида тенгсиз ҳарбий қудратга эга бўлишни мақсад қилган Хитой раиси Си Сзинпиннинг стратегик режаси доирасидаги муҳим босқичдир”, дейилади ҳисоботда.
Ҳужжатда, шунингдек, Вашингтоннинг баҳоларига кўра, жорий йил ҳолатига Хитойнинг ядро арсенали 600 дан ортиқ ядро каллакларини ўз ичига олиши таъкидланган.
Маълумот учун, ҳозирги кунда глобал ядровий қурол-яроғнинг умумий захираси 12 121 дона каллакдан иборат. Улардан 9 585 таси 2024 йил январь ҳолатига кўра захирада сақланмоқда.
Тахминан 3 904 дона каллак ракеталар ва самолётларга жойлаштиришга тайёр, бу эса 2023 йилга нисбатан 60 тага кўпроқ. Шу жумладан 2,1 мингдан ортиқ каллак юқори жанговар тайёргарлик ҳолатида ва бу кучайган эскалация хавфини кўрсатади.
Россия ва АҚШ дунё бўйлаб ядровий қурол-яроғларнинг тахминан 90 фоизига эгалик қилади. СИПРИ маълумотларига кўра, Россия сўнгги йилда 36 дона қўшимча каллак жойлаштирди, бу эса мамлакатнинг ядровий кучларини мустаҳкамлашга қаратилган барқарор ёндашувни кўрсатади.
Хитойда эса энг катта ўзгаришлар рўй берган. 2023 йил ушбу мамлакатда 410 дона каллак мавжуд эди, 2024 йилга келиб эса бу рақам 600 га етган. Хитойнинг ядровий потенциалининг тез суръатларда ошиши жаҳон ҳамжамиятида хавотир уйғотмоқда ва Пекиннинг узоқ муддатли стратегик режалари ҳақида саволларни келтириб чиқармоқда.
Ушбу маълумотлар глобал миқёсда ядровий арсенални кучайтириш тенденциясини кўрсатади. Бу эса қуролланишни камайтириш имкониятларини сезиларли даражада қийинлаштиради. Халқаро барқарорликнинг пасайиши шароитида ядровий кучлар стратегик хавфсизликнинг асосий элементи сифатида тобора кўпроқ аҳамиятга эга бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ядровий “бешлик” давлатлари – Россия, АҚШ, Хитой, Франция ва Буюк Британия вакилларининг муҳим учрашуви бўлиб ўтганди.
LiveБарчаси