Трамп Си Цзиньпинни инаугурацияга таклиф қилди – CBS
Олам
−
18:42
1111АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Хитой раҳбари Си Цзиньпинни 20 январ куни Вашингтондаги инаугурация маросимига таклиф қилди. Бу ҳақда кеча, 11 декабрь куни манбаларига таяниб, Американинг CBS телеканали хабар берди.
Уларнинг сўзларига кўра, республикачи Си Цзиньпинга таклифномани ноябрь ойида, сайловда ғалаба қозонганидан кўп ўтмай жўнатган. Хитой раҳбари буни қабул қилганми ёки йўқми номаълум.
Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси бу маълумотларга изоҳ беришдан бош тортди.
CBS таъкидлашича, Трамп атрофидаги кўпчилик Хитой расмийларидан норози.
Танқидчилар орасида АҚШнинг бўлажак Давлат котиби Марко Рубио, шунингдек, миллий хавфсизлик бўйича янги маслаҳатчи Майк Валс бор. Сайланган президентнинг ўзи Хитойдан келадиган товарларга янги божлар киритиш билан таҳдид қилмоқда.
Аммо, телеканалнинг таъкидлашича, “Трамп узоқ вақтдан буён етакчилар ўртасидаги яқин муносабатлар халқаро битимлар тузишнинг калити эканлигига ишониб келади”.
Си Цзиньпин тарихда АҚШ Президенти инаугурациясида қатнашган биринчи хорижий давлат раҳбари бўлиши мумкин. CBS телеканалига кўра, бу байрамга одатда элчилар ва дипломатлар таклиф қилинади.
АҚШ Давлат департаментининг 1874 йилга оид маълумотларига кўра, хорижлик етакчи ҳеч қачон ҳокимиятни топшириш маросимида қатнашмаган.
CBS манбаларининг айтишича, 20 январдаги маросимга бошқа хорижий етакчилар таклиф қилиниши мумкин. Улар орасида Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ҳам бор. У таклифнома ҳақида “ҳали ўйлаяпти”.
“Дунё етакчилари президент Трамп билан учрашиш учун навбатга туришмоқда, чунки у тез орада ҳокимиятга қайтишини ва Америка қудрати билан дунё тинчлигини тиклашини билишади”, дейди Оқ уйнинг янги матбуот котиби Каролин Леавитт.
Бугун, 12 декабрь куни Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Владимир Путин Трампнинг инаугурациясига таклиф қилинмаганини айтди.
LiveБарчаси