Хитой ядровий қуроллар бўйича қатъий позициясини яна бир бор эслатди
Олам
−
16 Май 2019
6346Хитой ядровий қуроллар бўйича АҚШ ва Россия ўртасида ўтказиладиган музокараларга қўшилмайди. Бу ҳақда Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вакили Лу Кан брифинг вақтида шундай фикр билдирган.
“Хитойнинг позицияси шундан иборатки, энг кўп ядровий қуролга эга давлатлар ўз мажбуриятларини бажариб, қуролсизланишлари керак. Улар қуролланишни устидан назоарт ўрнатиш тўғрисидаги икки томонлама келишув шартларини бажаришни давом эттиришлари ва ҳужжатларнинг муддатини узайтиришлари шарт”, деган хитойлик дипломат.
Дипломат Хитойнинг ядровий қуроллари мамлакат хавфсизлигини таъминлаш учун зарур бўлган миқдордан ортиқ эмаслигини таъкидлаган ва мамлакати ядровий қурол тўғрисидаги уч томонлама келишувларда иштирок этмаслигини билдирган.
“Хитой ҳеч қандай шаклда ядровий пойгага қўшилмайди ҳамда ҳеч бир мамлакатга ўз “ядровий соябони”ни тақдим этмайди, шунингдек, ўзга давлатларга ядровий қуролини жойлаштирмайди. ХХР ядровий қуролдан биринчи фойдаланмаслик тамойилига содиқ қолади ва ядровий қуролга эга бўлмаган давлатга нисабатан бу тур қуролларни ишлатмайди”, деган Хитой ТИВ вакили.