Хитой ва АҚШ душман эмас, шерик бўлиши керак – Си Цзиньпин
Олам
−
26 Апрель
4052Хитой раҳбари Си Цзиньпин АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашди. Бу ҳақда Хитой марказий телевидениеси хабар берди.
Хитой раҳбари АҚШ Давлат котибини бугун, 26 апрель куни тушдан кейин Пекиндаги Халқ мажлислари залида қабул қилди. Си Цзиньпин Хитой ва Қўшма Штатлар рақиб эмас, шерик бўлиши ва умумий тил топиши кераклигини айтди. Унинг таъкидлашича, бу йил Хитой ва АҚШ ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 45 йил тўлади.
“45 йил давомида Хитой-АҚШ муносабатлари кўплаб қийинчиликларни бошдан кечирди, бу бизга кўплаб муҳим сабоқларни берди: икки давлат рақиб эмас, шерик бўлиши керак. Биз рақобат учун майдонларни эмас, умумий тилларни излашимиз керак”, деган Си Цзиньпин.
Унинг айтишича, Хитой-АҚШ муносабатлари сўнгги пайтларда олдинга силжиган, аммо ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар кўп.
Блинкен 24 апрель куни Шанхайга етиб келди ва Хитойга ишчи сафарини бошлади. Шанхайда у Шанхай партия қўмитаси котиби Чен Жининг билан учрашди. У Шанхайдаги Нью-Йорк университетига ҳам ташриф буюрди. Блинкен кеча, 25 апрель куни кечқурун Пекинга етиб келди. Бу Блинкеннинг АҚШ Давлат котиби сифатидаги фаолияти давомида Хитойга иккинчи ташрифидир.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Энтони Блинкен Пекинда Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И билан учрашганди. Ван И Блинкенга Қўшма Штатлар Хитойнинг суверенитети ва хавфсизлигига оид қизил чизиқларни бузмаслиги кераклигини айтди.