Хитой ўз космик кемасини орбитадаги станцияга улади
Олам
−
25 Май 1087 2 дақиқа
Хитойнинг инсон бошқарувидаги “Шэньчжоу-23” космик кемаси орбитадаги миллий “Тяньгун” станциясига муваффақиятли туташтирилди. Кема Цзюцюань космодромидан “Чанчжэн-2F” ракета-ташувчиси ёрдамида учирилган бўлиб, уланиш жараёни 25-май куни Пекин вақти билан 02:45 да амалга ошган. Бу ҳақда Хитойнинг инсонли космик парвозлар дастури бошқармаси маълум қилди.
“Шэньчжоу-23” бортда уч нафар тайконавт – миссия командири ва борт муҳандиси Чжу Янчжу, учувчи Чжан Чжиюань ҳамда юклар бўйича мутахассис Ли Цзияин мавжуд. Улар станцияда 2025 йил 31 октябрдан бери бўлган экипажни алмаштириши ва бир қатор илмий тажрибаларни амалга ошириши кутилмоқда.
“Тяньгун” – Хитойнинг миллий орбитал станцияси бўлиб, 2022-йил охирида қурилиши якунланган. У учта модулдан иборат: асосий “Тяньхэ”, ҳамда “Вэньтянь” ва “Мэнтянь” тадқиқот модуллари. Станция бир вақтнинг ўзида уч нафар экипаж аъзосини қабул қила олади.
Навбатдаги миссия доирасида тайконавтлар космик нурланишнинг инсон организмига таъсири, суяк зичлигининг камайиши ҳамда психологик босим каби омилларни ўрганади. Шунингдек, станцияга илгари бластоидлар – эмбрионга ўхшаш сунъий ҳужайра тўпламлари ҳам юборилган.
Режага кўра, миссия иштирокчиларидан бири орбитада қарийб бир йил қолиши мумкин. Бу Хитой космик дастури учун одатдагидан анча узоқ муддат ҳисобланади.
Хитой ушбу тадқиқотларни 2030-йилгача режалаштирилган Ойга инсон юбориш лойиҳасига тайёргарлик доирасида олиб бормоқда.
АҚШнинг NASA агентлиги ҳам 2028-йилгача Ойга инсон юборишни режалаштирмоқда. Апрел ойида “Артемида-2” миссияси доирасида “Орион” кемаси тўрт астронавт билан Ой атрофини айланиб, Ерга муваффақиятли қайтган.
Режаларга кўра, кейинги Ой миссияларида Германиядан ҳам астронавт иштирок этиши мумкин. Номзодлар орасида Александр Герст ва Маттиас Маурер кўриб чиқилмоқда.
Live
Барчаси