Хитой Украинадаги можаро пайтида “қўл қовуштириб ўтирмасликка” ваъда берди
Олам
−
18 Июль 2022
21550Хитой Ҳукумати бундан буён Россия ва Украина можароларини четдан томошабин сифатида кузатмоқчи эмас. Бу ҳақда бугун, 18 июль куни Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И Венгрия Ташқи ишлар вазири Петер Сиярто билан телефон орқали мулоқот чоғида айтиб ўтди.
“Мамлакатимиз Украинадаги инқирозли вазиятга алоқадор томонлардан бири эмас, лекин биз орқада ўтириб, нима бўлаётганини ташқаридан пассив кузатиш ниятида эмасмиз”, деган Ван И.
Вазир Пекин оловга ёғ қуймоқчи эмас ва тинчлик музокараларини қатъият билан олға суриш ниятида эканини таъкидлаган.
Шу билан бирга, у “Украина инқирозининг салбий оқибатлари нафақат Европага, балки аллақачон бутун дунёга жиддий зарба берганини айтган. Шу муносабат билан жаҳон ҳамжамияти ва манфаатдор томонларнинг ҳар бири бунга жиддий ёндашиши керак.
Маълумот учун, Хитой Россия ва Украина ўртасида можаро бошлангандан буён жуда эҳтиёткор позицияни тутиб келаётганди. Бир тарафдан Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олиши ҳамда ҳимоя қилиш тарафдори эканлигини айтиш баробарида Россиянинг Украинадаги босқинчилик амалиётини қораламади. Шу билан бирга Пекин иттифоқчиси Москвага санкцияларни четлаб ўтишда ҳам ёрдам кўрсатмади. Эндиликда "осмон ости" мамлакати вакиллари можаро бўйича қандай ҳаракат қилиши ҳозирча номаълум.
Абдулвоҳид Ёқубов