Хитой ракетани қайта қўндириш синовини муваффақиятли ўтказди
Технология
−
11:51 1245 3 дақиқа
Хитой бугун, 10 июль куни денгиз платформасига ўрнатилган махсус тўр орқали ракета тезлаткичини қайтариб олиш бўйича тажрибавий тизимни муваффақиятли синовдан ўтказди. Бу ҳақда давлатнинг “Синьхуа” агентлиги хабар берди.
Хитой жанубидаги Ҳайнань тижорат космодромидан маҳаллий вақт билан соат 12:15 да “Чанчжэн-10B” (Long March 10B) ракетаси учирилди. Давлат телеканали маълумотига кўра, тезлаткич ва юқори босқич ажралганидан тахминан олти дақиқа ўтиб, тезлаткич вертикал тарзда қайтиб, денгиздаги платформага ўрнатилган тўр ёрдамида ушлаб қолинган.
Ушбу синов Хитойнинг орбитал тоифадаги ракета тезлаткичини илк бор муваффақиятли қайтариб олганини англатади ва мамлакатни қайта фойдаланиш мумкин бўлган ракета технологияларини яратишга янада яқинлаштиради.
Маълумотларга кўра, бу янгилик ортидан Хитой аэрокосмик компаниялари акциялари кескин қимматлаган. China Spacesat ва China Satellite Communications акциялари кунлик энг юқори ўсиш чегарасига етган.
“Чанчжэн-10B” кўп жиҳатдан SpaceX компаниясининг кенг қўлланиладиган “Falcon 9” ракета ташувчисига қиёсланади. У Хитойнинг асосий давлат ракета ишлаб чиқарувчиси – China Academy of Launch Vehicle Technology томонидан тижорат космик дастурлари учун ишлаб чиқилган бўлиб, паст Ер орбитасига камида 16 тонна юк олиб чиқиш имкониятига эга.
Бироқ “Falcon 9” дан фарқли равишда, “Чанчжэн-10B” ракета тезлаткичи ўзининг қўниш оёқчалари ёрдамида қуруқлик ёки денгиз платформасига мустақил қўнмайди. Унинг ўрнига тезлаткичдаги махсус “қўниш илгаклари” денгиз платформасига маҳкамланган тўрга илиниб қолади.
Таққослаш учун, SpaceX биринчи марта “Falcon 9” ракета тезлаткичини орбитал парвоздан кейин 2015 йил декабрида муваффақиятли қўндирган. Blue Origin эса New Glenn ракета тизими билан бундай натижага 2025 йил ноябрида эришган.
Ҳозирда SpaceX йилига тахминан 150 марта, яъни ўртача ҳафтасига уч марта “Falcon 9” учиришини амалга оширади. Компания зарур ҳолларда бир хил тезлаткичдан ўнлаб марта қайта фойдаланади. Мутахассислар двигательлар жойлашган тезлаткични ракетанинг энг қиммат қисми деб ҳисоблайди.
Хитой эса қайта фойдаланиш мумкин бўлган ракета технологиялари устида қарийб ўн йилдан буён ишлаб келмоқда. Бу дастур паст баландликдаги осилиб туриш синовларидан бошланиб, сўнгги йилларда орбитал тоифадаги тезлаткичларни қайтариб олишгача ривожланди. Бундай технологиялар мамлакатнинг тез суръатларда кенгайиб бораётган тижорат сунъий йўлдош дастурлари учун учириш харажатларини сезиларли даражада камайтириши кутилмоқда.
“Чанчжэн-10” оиласи Хитойнинг 2030 йилгача “Ой” миссияларини амалга ошириш дастури доирасида ишлаб чиқилмоқда. Шу боис “Чанчжэн-10B” синови нафақат қайта фойдаланиладиган ракета технологиялари, балки мамлакатнинг кенг кўламли “Ой дастури” учун ҳам муҳим маълумотлар ва технологияларни синаш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Blue Origin компаниясининг New Glenn оғир ракета-ташувчиси Флоридадаги Канаверал бурнида жойлашган 36-старт комплексида ўтказилаётган синов вақтида портлаб кетган эди.
Live
Барчаси