Хитой Панама каналидаги муҳим портлар назоратини АҚШга беради
Олам
−
05 Март 2025 7172 3 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трампнинг босими остида Гонконгда жойлашган Hutchison холдинги Панама канали ҳудудидаги икки асосий порт устидан назоратни Америка консорциумига топширишга қарор қилганини эълон қилди. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, CK Hutchison Holdings компанияси Panama Ports Company’даги 90 фоизлик улушини сотишини маълум қилди. Ушбу компания каналнинг ҳар икки томонида жойлашган “Бальбоа” ва “Кристобаль” портларини бошқаради. Сотув битими BlackRock бошчилигидаги америкалик инвестиция консорциуми фойдасига амалга оширилади.
Битим шартларига кўра, қиймати 14 миллиард доллардан ошиқ бўлган ушбу келишув натижасида америкаликлар Hutchison’нинг 80 фоиз активларини ҳам қўлга киритади. Улар орасида Британия, Германия, Яқин Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиёда жойлашган 23 давлатдаги 43 порт ва инфратузилма объектлари мавжуд.
Таҳлилчиларнинг фикрича, асосий портлар устидан назорат топшириш тўғрисидаги қарор АҚШнинг янги маъмурияти босими остида қабул қилинган бўлиши мумкин. Дональд Трамп президентликнинг дастлабки кунларида асоссиз равишда Панама каналини Хитой назорат қилаётганини даъво қилган ва уни АҚШ назоратига қайтариш билан таҳдид қилган эди.
Трамп ҳатто канални куч ишлатиб эгаллаш эҳтимолини ҳам истисно этмаган, бу эса Панама ҳукумати ва маҳаллий аҳолининг кескин норозилигига сабаб бўлиб, оммавий норозилик намойишларига олиб келган.
Бироқ Hutchison ва америкалик харидорлар битимнинг сиёсат билан боғлиқ эмаслигини таъкидламоқда.
“Мен шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, бу битим фақатгина тижорий характерга эга ва яқинда Панама портларига оид сиёсий янгиликлар билан мутлақо боғлиқ эмас”, деди Hutchison компанияси раҳбарларидан бири Френк Сикст.
Панама ҳукумати ҳам битимга алоқадор эмаслигини билдирди.
“Бу халқаро миқёсдаги шартнома бўлиб, шахсий компаниялар ўз манфаатларини ҳисобга олган ҳолда қарор қабул қилишган”, дейилади ҳукумат расмий баёнотида.
“Bloomberg” нашрининг ёзишича, Hutchison стратегик жиҳатдан Панамада эмас, бошқа ҳудудларда манфаатларини ривожлантиришни маъқул кўрган.
АҚШ Ҳарбий коллежи профессори Эван Эллис эса Hutchison ҳам, Панама ҳам келажакка оид ўз стратегик қарорларини қабул қилишга мажбур бўлди, деб ҳисоблайди.
Бошқа бир мутахассис — Eurasia Group’нинг Лотин Америкаси бўйича директори Риса Грейс-Таргоу бу битим Панама Президенти Хосе Рауль Мулино учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлайди. Унинг фикрича, Трампнинг канални эгаллаш ҳақидаги таҳдидларига жавоб бериш учун Мулино аллақачон қандайдир чора кўриши керак эди. Энди эса, бу битим орқали у Трамп талаб қилган “Хитой изларини” қидиришга мажбур бўлмайди.
“Bloomberg” манбаларига кўра, АҚШ маъмурияти ва Конгресс аллақачон битим ҳақида хабардор, аммо расмий изоҳ берилмаган.
Маълумот учун, Панама канали асосан АҚШ маблағлари ҳисобига қурилган ва 1920 йилда расмий равишда очилган. У узоқ йиллар давомида АҚШ назорати остида бўлиб келган, бироқ 1999 йилда расмий равишда Панамага топширилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Панама БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Панама канали устидан назоратни қўлга киритиш нияти ҳақидаги баёнотлари юзасидан шикоят билан мактуб йўллаган эди.
Live
Барчаси31 Декабрь 2025
Фарғона давлат техника университети ректори Қўнғиротбой Шариповга янги ўринбосар бўлди.
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
29 Декабрь 2025