Хитой махфий ядровий синовлар ўтказди – АҚШ разведкаси
Олам
−
21 Февраль 4943 2 дақиқа
Хитой янги авлод ядровий қуролини ишлаб чиқмоқда сўнгги йилларда камида битта махфий синов ўтказган бўлиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 21 февраль куни АҚШ разведка хизматига таяниб, CNN хабар берди.
Телеканал суҳбатдошларига кўра, Пекин нафақат ўз ядровий арсеналини модернизация қилмоқда, балки 1996 йилда жорий этилган халқаро ядровий синовлар мораторийсини бузган бўлиши ҳам мумкин. Хусусан, 2020 йил июнь ойида яширин синов ўтказилган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Қайд этилишича, Хитойнинг ядровий қуролланишни ривожлантиришга қаратилган сармоялари Россия ва АҚШ билан сифат жиҳатидан тенгликка эришишга қаратилган. Мутахассислар фикрича, бу Хитойга ҳозирча етакчи ядровий давлатлардан бирортасида мавжуд бўлмаган техник имкониятларни бериши мумкин.
CNN маълумотига кўра, ишланмалар йўналишлари орасида бир нечта жанговор қисмларга эга ракеталар яратиш, қурол турларини кенгайтириш, шунингдек, мамлакат аввал ишлаб чиқармаган кам қувватли тактик ядровий қурол ишлаб чиқиш ҳам бор.
Манбаларга кўра, бундай қурол Хитой ҳудудига яқин жойлашган нишонларга қарши қўллаш учун мўлжалланган бўлиши мумкин. Жумладан, АҚШнинг Тайванни қўллаб-қувватлашига жавоб чоралари сценарийси ҳам кўриб чиқилаётгани айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сўнгги беш йилда Хитой ядро сувости кемаларини АҚШдан тезроқ ишлаб чиқара бошлагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси