Хитой интернетдаги салбий ҳис-туйғуларга қарши “уруш” эълон қилди

Олам

image

Хитой ҳукумати интернетда салбий ҳиссиётларни тарғиб қилувчи фойдаланувчиларга қарши икки ойлик кампания бошлаганини эълон қилди. Бу ҳақда жорий йилнинг 23 сентябрь куни мамлакатнинг Кибермакон бошқармаси баёнотига таяниб, “The Register” нашри хабар берди.

Кампания доирасида ҳукумат ижтимоий тармоқлар, қисқа платформалар ва интернет-дўконларнинг реклама учун фойдаланадиган стриминг хизматларига алоҳида эътибор қаратади. Шунингдек, интернет бўйлаб қолдириладиган изоҳлар ҳам текширувдан ўтказилади.

Пекин йўқотмоқчи бўлган контентлар қаторида зўравонликка ундовчи материаллар ҳам бор. Аммо Хитой асосан “меҳнатнинг фойдаси йўқ” ёки “ўқиш бефойда” каби ҳаддан ташқари салбий кайфиятни тарғиб қилувчи контентларни тўхтатмоқчи. Бундай қарашлар мамлакат ёшлари орасида кенг тарқалган “Санг маданияти”га хос бўлиб, у яшашнинг юқори харажатлари ва иқтисодий қийинчиликлар туфайли умидсизлик ва норозиликни билдиради.

Кўплаб олий маълумотли ёшлар қизиқарли иш топишда қийналаётгани ҳам бу кайфиятни кучайтирмоқда. Ижтимоий тармоқларнинг фойдаланувчиларга мослаштирилган контенти эса салбий мавзуларга янада чуқурроқ шўнғишга олиб келмоқда. Шу сабаб ҳукумат “ҳаётга нисбатан ҳаддан ташқари пессимист қарашларни ёядиган” ёки “ўзини ортиқча камситадиган” контентларни нишонга олишни режалаштирган.

Шунингдек, зўравонликни тасвирловчи сунъий интеллект ёрдамида яратилган контент ҳам тақиқланади. “The Register”нинг ёзишича, Пекин интернет-тролларини “кўприк тагига яширишни” режалаштирмоқда.

Фитна назариялари ва сохта янгиликлар тарқатилишига ҳам чек қўйилади. Бундай контентни яратувчи ёки жойлаштирувчи платформа ва шахслар жазога тортилади. Бу эса Ғарб ижтимоий тармоқларидаги оддий “узр”дан кўра жиддийроқ чора ҳисобланади. Манба кампаниянинг қачон бошланиши ва қачон тугашига оид аниқ муддатни келтирмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой интернет ҳис-туйғу

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг