Хитой элчиси Германия ТИВга чақиртирилди
Олам
−
31 Июль
5951Германия Ташқи ишлар вазирлиги Хитой элчисини Германия идораларидан бирида уч йил аввал содир этилган киберҳужум муносабати билан чақирди. Бу ҳақда бугун, 31 июль куни ТИВ вакилига таяниб, “Deutsche Welle” хабар берди.
“2021 йилда Федерал картография ва геодезия идорасига хакерлар ҳужуми жосуслик мақсадида амалга оширилган ва ҳозирда бунинг ортида Хитой ҳукумати органлари тургани исботланган”, дейди Германия ТИВ вакили.
Германия ҳукумати “энг кучли тарзда” ҳужумни қоралади ва Пекинни “бундай ҳаракатлардан тийилишга” чақирди. Германия Ички ишлар вазири Ненси Фазер “жиддий киберҳужум”ни эълон қилди, бу Хитойнинг Германияга қарши бундай ҳаракатлар қилиш хавфи қанчалик катта эканлигини кўрсатади.
Қайд этилишича, Франкфурт-Майндаги Федерал картография ва геодезия идораси бошқа давлат идоралари ва муҳим инфратузилма операторларини картографик маълумотлар билан таъминлайди. Германия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, киберҳужумни амалга ошириш учун тажовузкорлар ўзларининг изларини яшириш мақсадида шахслар ва компанияларнинг сўнгги нуқталаридан яширинча фойдаланган.
Маълумот учун, Германия Ташқи ишлар вазирлиги Хитой элчисини охирги марта 1989 йилда Пекиндаги Тянанмен майдонидаги намойишларнинг ўта шафқатсизларча бостирилиши муносабати билан чақирган эди.
Зебо Туробжонова
LiveБарчаси